Янги уйлар маҳалламиздаги 296 та оила учун чинакам байрам совғаси бўлди — Абдулла Ҳайитов
Янги йил арафасида Хонқа туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида 296 та хонадонга мўлжалланган 13 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар иштирокида ўтказилган тадбирда хонадон эгаларига янги уйларнинг калитлари тантанали равишда топширилди, бунёдкорлик ишларида фаол қатнашган қурувчилар муносиб рағбатлантирилди.
Массивда 1440 та хонадонга мўлжалланган 52 та кўп қаватли уй-жойлар, 360 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 990 ўринли умумтаълим мактаби, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши режалаштирилган. Массив бунёд этилиши натижасида тумандаги уй-жойга муҳтож 3080 та оила ўз уйига эга бўлади.

— Аслини уй-жой инсон учун энг зарур, бирламчи моддий эҳтиёжлардан бири саналади, — дейди янги уй соҳиби Абдулла Ҳайитов. — Ўз уйига эга бўлган инсоннинг кўнгли тинч, ўзи ҳаётдан рози бўлади. Бугун оила аъзоларимизнинг неча йиллик орзуси ушалди. Янги уйлар маҳалламиздаги 296 та оила учун чинакам байрам совғаси бўлди. Бу ишлар Президентимиз томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун” ғоясининг ҳаётдаги яна бир амалий ифодасидир.
Тарихга айланаётган 2023 йил Хоразм вилоятида 4487 та хонадонга мўлжалланган 146 та кўп қаватли уйлар қурилиши амалга оширилди. Шундан, 1725 та хонадондан иборат 70 та уй-жой туманлардаги “Янги Ўзбекистон” массивларида барпо этилди.
Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг