Янги  уй, янги ҳаёт, замонавий турмуш

14:51 26 Ноябрь 2020 Жамият
1655 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Сардоба сув омборида юз берган техноген ҳодиса оқибатларини бартараф этиш доирасида  жуда қисқа муддатда бунёд этилган уй-жой массивларига, бутунлай янги қиёфага кирган маҳаллаларга медиатур ташкил қилинди.

Дастлабки манзил Сардоба туманидаги «Дўстлик» маҳалласи бўлди. Мирза воҳаси кенгликлари ўрамидаги мазкур манзил энди  пурвиқор маҳобати ва кўркам салобати  билан узоқданоқ кўзга ташланади, кишида қишлоқ эмас, шаҳарга яқинлашаётгандек таассурот уйғотади. Мирзаобод туманидаги «Навбаҳор», «Янги Ўзбекистон», Оқолтин туманидаги «Янги Тошкент»каби маҳаллаларда ҳам шундай: янги қурилишлар, таъмирлаш–обондонлаштириш, саноатнинг йўлга қўйилиши сингари омиллар туфайли қишлоқ бунёдкорлигига  янгича ёндашув  кириб келди ва унинг ҳаётида бутунлай замонавий мазмун-моҳият пайдо бўлди. Ва бу ўзгаришларни ҳақли равишда Ватанимиз келажак қишлоқларининг  амалдаги намуналари дейиш мумкин.

«Дўстлик»да қурилган  кўпқаватли уйлар ва уларнинг ҳовлилари, кўча ва йўлаклари аллақачон ўз эгалари билан гавжум.Ушбу массив 1480 та оилага мўлжалланган. Рўпарасида “Oqsaroy group”нинг «Сардоба Оқсарой текстиль» корхонаси. У мингта иш ўрнига эга йирик енгил саноат субъекти.Ва айтиш лозимки,  бу  атроф жавонибдаги юзлаб хонадонларнинг турмуши, рўзғори обод бўлиши учун жуда катта имконият.

— Бизнинг маҳалладан Тошкентгача қарийб 200 километр, — дейди корхона чевари Баҳринисо Азимова. — Бу гапни айтаётганимнинг боиси шуки, аввал ўзимизда иш йўқлиги туфайли, шунча узоқ йўлда қатнаб, пойтахтдаги хусусий цехларда тикувчилик қилардим. Энди эса бор-йўғи бир ярим минг қадам ташласам, бас, ҳамма шароитларга эга  иш жойимда бўламан. Уйимдан, оиламдан кўнглим тўқ, пойтахтда ишлаб юрган вақтлардагидек хавотирланмайман. Ҳа айтгандек, таъмирдан сўнг уйимиз ҳам чиройли, ҳам қулай шароитли бўлди.  Яна бу йил ўғлим олий ўқув юртига ўқишга кирди. Эгизак қизларим битирувчи синфда, улар ҳам талаба бўлиш ниятида астойдил ўқишяпти. Хуллас, ҳаётимизда қувончимизга қувонч қўшувчи янгиликлар кўп.

Нуроний Расул Тўйчиев ўтган асрнинг саксон учинчи йилидан буён мана шу кенгликларда яшайди. Умр йўлдоши Назокат Тўйчиева билан солиҳ фарзандларни вояга етказиб, шу заминга меҳр қўйган, қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали меҳнат қилган мутахассислардан бири. Мирзаобод туманидаги «Навбаҳор» маҳалласи жанубида қад кўтарган «Нурли келажак» массивига ташриф асносида Расул Тўйчиев журналистларни янги хонадонига таклиф қилди. Меҳмонхонасида ўзбекона манзара: момолардан мерос кашталар билан безалган кўрпа-ёстиқлар тахмони, бежирим хонтахта... Шу маҳал остонада ёпинчиқли келин пайдо бўлди ва меҳмонларни «Келинсалом»и билан иззатлади.

— Уч кун аввал тўй ўтказдик, — дейди  Расул Тўйчиев. — Учинчи келинимизни  янги уйга  туширамиз деб ният қилган эдик. Шукр, орзуимизга етдик. Тўй-тўйга уланяпти. Биздан кейин куни кеча яна икки қўшнимиз ҳам  келин олди.

Маълум қилинишича, «Навбаҳор» аҳолиси учун  замонавий яшаш шароити яратилгани баробарида, фаолият турлари ҳам кенгаймоқда. Яъни бу ерда ишлаб чиқариш тизимини йўлга қўйиш бўйича бир неча лойиҳалар амалга оширилмоқда. Дейлик, «Сардоба балиқчи»  корхонаси ҳудуд учун бутунлай янги маҳсулот — балиқ филеси тайёрлашга ихтисослашса, бўрдоқичилик мажмуасида ҳам кўплаб навбаҳорликлар доимий иш билан банд бўлади. Фарғона вилояти томонидан ташкил этилган тикувчилик цехида эса   аллақачон 40 дан зиёд хотин-қиз меҳнат қилмоқда.

«Навбаҳор»нинг кўпқаватли уйлардан иборат «Нурли келажак» массиви ёнида ҳамиша баҳор манзараси намоён. Негаки, бу ерда «Бекластер» қўшма корхонаси ташаббуси билан айни шу маҳалла аҳли учун ҳар бири 25 сотихлик иссиқхоналар бунёд этилди. Оилаларга берилаётган иссиқхона учун олинган кредитларга кафилликни мазкур лойиҳа доирасида очилган икки масъулияти чекланган жамият  ўз зиммасига олган. Ва кредитлар узилгач, иссиқхоналар оиланинг ўз мулкига айланади. Масалан, ҳадемай,Азамат Ҳайитов ҳам ана шундай мулкдор, тадбиркорга бўлади. Қувонарлиси, унга ажратилган ойнаванд далада қулупнайнинг илк ҳосили пишиб етилди. 

— Иссиқхона туфайли оила аъзоларимнинг бари ишли бўлди, — дейди Азамат Ҳайитов. — Шукр, илк экинимиз баравж ва серҳосил ривожланяпти. Биз учун янгилик бўлган деҳқончиликнинг бу усулини ҳам анча ўрганиб олдик. Қолаверса, иссиқхона хўжалигини юритишни мукаммал ўзлаштиришимиз учун алоҳида мутахассислар ҳам бириктирилган. Уларнинг айтишича, ҳозир ўстираётган қулупнайимиз ёз ўрталаригача ҳосил берар экан. Иссиқхонамизда лимон кўчатлари ҳам ўсмоқда, яъни бир неча йил ичида  у лимонзорга айланади. Бизга берилган янги  уй шундоқ иссиқхона ёнида. Бу қулайлик меҳнатимиз самарасини янада оширмоқда.

Шу тумандаги «Янги Ўзбекистон » маҳалласида журналистларни бир гуруҳ кайвони аёллар  «Хуш келибсизлар! Бизнинг уйга кириб, бир пиёла чой ичинг, меҳмонимиз бўлинг» деб кутиб олишди. Ҳа, бундай ўзбекона мулозамат, кўчасига ёки  қўшнисиникига келган меҳмонни ҳам ўз меҳмони деб билишдек олийҳимматлик халқимизга хос, такрори йўқ қадриятимиздир.

Бинобарин,”Янги Ўзбекистон” да ҳам хонадонлар ўз эгаларини бағрига олди. Бутунлай янги ташкил бўлган маҳаллада нурафшон  ҳаёт чироқлари порлай бошлади. Одамлар турмушида эса аввал ҳавас қилганидан-да аъло ўзгаришлар пайдо бўлди. 

— Уйларни тақсимлашда шаффофликка тўла риоя қилинди,  — дейди уй бекаси Насиба Сувонова. — Бунда ота-боболаримиздан қолган, синалган усул- «чек ташлаш»дан фойдаланилгани барчага манзур бўлди. Шу билан бирга кексаси, ногирони бор оилалар учун биринчи қаватдан уй бериш тўғрисидаги таклифни ҳам ҳамма қўллаб-қувватлади. Масалан, қайнонамнинг катта ёшдалигини эътиборга олишиб, бизга ҳам биринчи қаватдан хонадон беришди.Ҳозир маҳалламизда ҳар куни байрам кайфияти. Негаки, ўз уйинг бўлганига нима етсин. Хонадонларимиздаги қулайлик, шинамликдан бир қувонсак, маҳалламиздаги обод манзарадан юз қувонамиз. Бунинг учун, Президентимизга ва халқимизга чексиз миннатдорлигимизни йўллаймиз.

«Дўстлик»ми  «Навбаҳор» ё «Янги Ўзбекистон»- барчасида эътиборни тортган яна бир хушнуд манзара — мактабга шошилаётган ёҳуд қайтаётган,  кўпқаватли уйлар ҳовлисидаги ўйингоҳларни тўлдирган   ўғил-қизлар бўлди. Ва шубҳасиз, уларнинг шўх-шодон кайфияти ҳам  бу манзилларга янги ҳаёт, замонавий ва фаровон турмуш,  ёрқин келажак қадам қўйганлигининг яна бир далолатидир.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ

(«Халқ сўзи»).  

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер