Янги турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади
Пойтахтимизда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан “Янги турдаги қурилиш материалларини яратишда илм-фан ютуқларининг жорий этилиши ҳолати, соҳада халқаро стандартларга риоя қилиниши масалалари” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.
Сифатли ва ҳамёнбоп, рақобатбардош қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, соҳага замонавий илм-фан ютуқларини кенг жорий қилишни қўллаб-қувватлаш борасида амалга ошириладиган ишлар ҳақида фикр юритилган тадбирда уюшма, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.
Таъкидланишича, Президентимизнинг 2019 йил 20 февраль ҳамда 2019 йил 23 майдаги қарорларида қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш истиқболлари ва стратегияси белгилаб берилди. Ушбу қарорлар асосида илмий изланишларни йўлга қўйиш ва айни йўналишдаги ишларни жадаллаштириш учун уюшма тизимида тузилган 23 нафар аъзодан иборат илмий-техникавий кенгашга 10 та йўналиш бўйича жами 42 та инновацион лойиҳа кўриб чиқиш учун тақдим этилган. Натижада кенгаш томонидан ижобий баҳоланиб, молиялаштиришга тавсия этилган умумий ҳажми 10,6 миллиард сўмлик 8 та инновацион лойиҳа орқали энергия тежамкор, атроф-муҳитга зарари кам, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи, хусусан, мамлакатимизда аввал ишлаб чиқарилмаган янги турдаги газобетон блоклари, гулқоғозларнинг янги авлоди, керамогранит, пеноблок, юқори маркали цемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.
Бундан ташқари, ишлаб чиқариш жараёнларига илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни кенг жорий қилиш, янги лойиҳаларни амалга оширишда энг замонавий ускуна ва жиҳозлардан фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда.
– Ички бозорда импорт ўрнини босувчи ва рақобатбардош инновацион қурилиш материаллари технологияларини яратишга қаратилган умумий қиймати 13,8 млрд. сўмлик 34 та илмий-тадқиқот, инновацион ва стартап лойиҳа амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Шуҳрат Отажонов. – Бунда 28 та илмий-инновацион фаолият субъекти жамланган бўлиб, хусусан, 16 та илмий тадқиқот ва 7 та ОТМ, шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Яшнобод Технопаркининг 4 та резиденти ва 2 та стартап ташкилот жалб этилган.
Шунингдек, янги турдаги сифатли ва хавфсиз қурилиш материалларини ишлаб чиқариш мақсадида 2020 йил 542 та ва 2021 йил учун 505 та халқаро стандарт қабул қилиниб, халқаро стандартлар билан уйғунлашув даражаси оширилмоқда.
Дилруҳ ИСОМИДДИНОВА,
(“Халқ сўзи”).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг