Янги тизим нимаси билан афзал?
6 миллион 630 мингта. Бу рақам жорий йил бошидан айни пайтгача 178 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари томонидан расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактуралар(ЭҲФ)умумий сони. Аниқроқ айтадиган бўлсак, бугун республикамизда 162 мингдан зиёд юридик шахс ва 16 мингдан ортиқ якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобварақ-фактураларнинг электрон шаклидан фойдаланмоқда.
Таққослаш учун, жорий йилнинг февраль ойи бошида 92 мингта субъект томонидан 1,4 млн.та ЭҲФ расмийлаштирилганини, май ойига келиб эса бу кўрсаткич мос равишда 165 минг ва 5,4 млн.тага етганини келтириш мумкин. Бундан кўринадики, ЭҲФ тизими фойдаланувчилари сони тобора ортиб бормоқда. Бу борада қўшилган қиймат солиғи тўловчилари, айниқса, фаол. Яъни 87 мингдан зиёд ҚҚС тўловчиларидан 76 мингга яқини ёки 86,5 фоизи ЭҲФдан фойдаланишга ўтган.
ЭҲФ айланиш тизимида хўжалик юритувчи субъектларнинг ҚҚС тўловчиси ёки тўловчи эмаслигини маълумотлар базаси орқали аниқлаштириш имкони мавжуд. Бу эса ҚҚС занжири узилишининг олдини олиш имконини беради. Натижада қўшимча солиқ ҳисобланишига йўл қўйилмайди.
Аввал қўшилган қиймат солиғи ҳисоботини топширишда ҳисобварақ-фактуралар реестрини корхонанинг ўзи тузиб чиқишга мажбур эди. Бу, табиийки, катта корхоналарга бир мунча қийинчилик туғдирарди. ЭҲФ тизимида эса бундай реестр автоматик равишда шаклланади. Солиқ кодексининг 225-моддасига мувофиқ, қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган товарларни (хизматларни) реализация қилишда, шунингдек, қўшилган қиймат солиғини тўловчилар бўлмаган маҳсулот етказиб берувчилар томонидан товарларни (хизматларни) реализация қилишда қўшилган қиймат солиғини ҳисобварақ-фактурада акс эттирганлик — маҳсулот етказиб берувчиларга ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган қўшилган қиймат солиғи суммасининг йигирма фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Бунда маҳсулот етказиб берувчи ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган солиқ суммасини бюджетга тўлаши шарт.
ЭҲФ айланиш тизимидан фойдаланилганда корхона учун бозордаги талаб ва таклифни ўрганиб бориш ҳам янада осонлашади. Чунки ушбу тизим қайси маҳсулот қаерда яхши сотилаётганлигини реал вақт режимида мониторинг қилиш имконини беради.
Бугунги кунда 17 та ЭҲФ оператори хўжалик юритувчи субъектларга хизмат кўрсатяпти.Улардан қай бирини танлаш корхона ёки ташкилотнинг ихтиёрида. Бу танлов асосан операторнинг хизмат шартлари, у томонидан таклиф этилаётган тарифлар ва корхонанинг бухгалтерия тизими билан қай даражада интеграция қилинишидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.
Операторлар билан иш бошлаш масаласи ҳам мижозлар учун анча қулай тарзда йўлга қўйилган. Яъни бунда алоҳида шартнома тузиш талаб этилмайди. Барча фаолият юритаётган ЭҲФ операторларнинг сайти орқали тузилган шартнома (оммавий оферта) асосида электрон рақамли имзо орқали имзолашнинг ўзи етарли.
ЭҲФ тизимининг ҳар бир оператори сайтида ҳужжатларнинг электрон тўплами мавжуд. Уларда электрон ҳисобварақ-фактуранинг стандарт шакли берилган. Бу, албатта, фойдаланувчи учун қулай, фақат расмийлаштирилса бўлди – барча талабларга жавоб берадиган ҳужжат тайёр. Бундан ташқари, ЭҲФ оператор тизимларининг барчасида томонларнинг реквизитлари автоматик тарзда тўлдирилади.
Айни пайтда расман мақом берилган ЭҲФ операторлари ва улар билан боғлиқ қўшимча маълумотлар soliq.uz ҳамдаrouming.uz сайтларида жойлаштирилган. Мазкур электрон манзилларда электрон ҳисобварақ-фактурани жорий этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, тизимга доир янгиликлар ва бошқа фойдали материаллар билан яқиндан танишиш мумкин.
Тадбиркорлик субъектларида тизим билан боғлиқ қандайдир савол ёки тушунмовчиликлар юзага келса, info@rouming.uz ёки https://rouming.uz/contacts электрон манзилларига мурожаат йўллаш имкони мавжуд. Мурожаатда кўрсатилган масалаларга мутахассисларимиз томонидан аниқ ва батафсил жавоб қайтарилади.
Абдукарим ЭШБОЕВ,
«Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази мутахассиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг