Янги Ренессанс бунёдкорларига муносиб қутлов

19:12 25 Май 2021 Жамият
1026 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактаблари битирувчиларига табригини бутун халқимиз кўтаринки руҳда кутиб олди. Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба йўлланаётган мазкур қутловда юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларнинг жаҳон андозаларига мос таълим-тарбия олиши учун яратилаётган шарт-шароитлар, соҳада олиб борилаётган ҳаётбахш ўзгаришлар ҳақида сўз боради.

Давлатимиз раҳбари ўз табригида мамлакатимиз ёшларига мурожаат қилиб, улар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкори эканликларини ҳеч қачон унутмаслиги лозимлигини таъкидлайди.

Президентимизнинг юксак самимият, оталарча меҳр уфуриб турган сўзлари юртдошларимиз кўнглини қувончга тўлдирди. Айниқса, эртамиз эгалари қалбига ғурур-ифтихор, келажакка ишонч оловини ёқди.

Қуйидаги дил сўзларидан буни яққол англаш мумкин.

Суннатилла КАМОЛОВ,
Миробод туманидаги 125-умумтаълим мактаби битирувчиси:

— Президентимизнинг табриги мактаб остонасидан учирма бўлаётган биз каби битирувчиларга ҳеч кутилмаган, айни пайтда ғоят қувончли ва ҳаяжонли, бир умр эслаб юриладиган тарихий воқеа бўлди, десам, адашмайман. Чунки шу вақтга қадар мактаб битирувчиларига давлат раҳбари алоҳида эътибор қаратиб, уларга «сизлар каби навқирон, азму шижоатли ёшларимиз тимсолида биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия соҳасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий натижасини, халқимиз ва Ватанимиз келажагини кўрамиз», дея юксак ишонч билдирмаган эди.

Табрикнинг ҳар бир сўзини диққат билан тингладик. Қувончимизга қувонч қўшилди. Эзгу тилак ва ишончга муносиб бўлиш туйғуси кучимизга куч бағишлади.

Мактабдаги сўнгги қўнғироқ — катта ҳаёт сари чорловдир. Кимнинг эртаси қандай бўлиши айнан шу кундан кейинги қадамига боғлиқ. Буни чуқур англаган ҳолда келажагим учун пухта режалар тузиб, бу йўлда дадил ҳаракат қиляпман. Мактабни тугатмасимдан аввал халқаро университетларга инглиз тилида имтиҳон топширдим. Халқимиз «Интилганга толе ёр», деб бежиз айтмаган экан. Сингапурдаги Сингапур ҳамда Корея Республикасидаги Ажу университетига қабул қилиндим. Энди иккаласидан хоҳлаганимни танлашим, ўша давлатга бориб имтиёзли равишда таълим олишим мумкин.

Билим — келажак калити. Ўша калит бугун қўлимизда, фақат эндиликда ундан оқилона фойдаланишимиз, бор билим ва салоҳиятимизни юртимизнинг жаҳонга чиқиши ва ривожи йўлида сарфлашимиз лозим.

Ортиқбой ЭШОНҚУЛОВ, Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи:

— Президентимиз табригида улкан мақсадларимизга эришишнинг энг муҳим омили сифатида мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасига жуда катта аҳамият берилаётгани қайд этилди.

Дарҳақиқат, қисқа муддатда мактабгача таълим, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. «Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан бошланади» деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди. Охирги тўрт йилда 134 та янги мактаб қурилиб, 2 минг 965 та мактаб реконструкция қилингани, тубдан таъмирланиб, замонавий жиҳозлангани нафақат шаҳару қишлоқларимизга кўрк бўлиб қўшилди, балки жойларда муҳитнинг ўзгаришига, одамларнинг руҳини кўтаришга, таълимда сифат янгиланишларига туртки бўлди.

Юртимизда Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти йўлга қўйилаётгани таълим тизимини мутлақо янгича мазмун ва шакл билан бойитди.

Тизимда амалга оширилаётган ишларнинг яна бир муҳим йўналиши —ўқувчиларнинг фанларга бўлган иқтидорини юзага чиқариш, уларни республика ва халқаро олимпиадаларга тайёрлашдир. Охирги бир ярим йилда юртимизнинг иқтидорли ўқувчилари халқаро олимпиадаларда 4 та олтин, 18 та кумуш, 30 та бронза медалини қўлга киритгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Президентимизнинг «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг қабул қилиниши ҳамда мазкур ҳужжат асосида халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантиришнинг ноёб, айни пайтда ниҳоятда адолатли тизими яратилганини таъкидлаш керак. Бу ишлар ёшларни амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, илм-фанни ўзлаштиришга бўлган рағбатини ошириш, изланувчанлик ва яратувчанлик фаолиятига кенг жалб қилиш, жаҳон миқёсида Ватанимиз довруғини кенг таратган аждодларга муносиб авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Нодир АБДУҚОДИРОВ,
Ёшлар ишлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари:

— Давлатимиз раҳбари табригида ёшларимизнинг етук инсонлар бўлиб камол топиши учун амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, навқирон авлодни санъат дунёсига ошно этиш мақсадида 800 дан ортиқ маданият марказида 4,5 мингдан зиёд тўгарак фаолияти йўлга қўйилгани, улар мусиқа асбоблари ва зарур жиҳозлар билан таъминлангани, мактабларда ташкил этилган 36,5 мингдан зиёд тўгаракларга 1 миллион 100 минг нафар ўғил-қизлар жалб этилгани таъкидланди.

Президентимизнинг беш муҳим ташаббуси доирасида бу борадаги ишлар янги сифат босқичига кўтарилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларига, ҳатто чекка жойлардаги мактаб ва маҳаллаларга ҳам китоблар, спорт жиҳозлари, мусиқа асбоб-ускуналари етиб бораётгани ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, маънан ва жисмонан соғлом ўсиб-улғайишига катта ҳисса қўшмоқда.

Ўз замонасининг улуғларидан бири, бобокалонимиз Хожа Самандар Термизий шундай деган эди: «Истеъдод эгаларини тарбиялаш шундай бир кимёдирки, у қора тупроқни тоза олтинга, ноқис тошни эса айбсиз гавҳарга айлантиради».

Ишонамизки, замонавий илм-фан чўққиларини ва юқори технологияларни пухта эгаллаган, хорижий тилларни мукаммал биладиган ёшлар мамлакатимизда учинчи Ренессансни рўёбга чиқаришда ҳал қилувчи кучга айланади.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер