Янги Қонун қандай имкониятлар беради?
Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида “Суд ишларини юритиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланган эди. Кеча, 10 март куни давлатимиз раҳбари ушбу Қонунни имзолади.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 2 та қонуни ва 4 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Жумладан, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ишларни судьялар ўртасида тақсимлаш туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисларининг ваколати ҳисобланиши, шунингдек Олий суднинг тегишли судлов ҳайъатлари мажлисларида ишларни кўриб чиқиш учун судлов таркибларини шакллантириш судлов ҳайъатлари раисларининг ваколати ҳисобланиши ҳақидаги нормаларнинг мавжудлиги судларда ишларни электрон тизимдан фойдаланган ҳолда инсон аралашувисиз, автоматик равишда тақсимлаш тартибини амалиётга тўлиқ жорий этиш имкониятини яратиш белгиланган.
Судларда ишларни автоматик тарзда тақсимлаш тартибининг жорий этилиши суд иш юритувини оптималлаштириш ва соддалаштириш, муайян ишни кўриш учун суд таркиби шакллантирилишида судьяларнинг иш ҳажми ва ихтисослашувини ҳисобга олиш, суд таркиби шакллантирилишига суд муҳокамасининг натижасидан манфаатдор шахслар таъсир кўрсатишининг олдини олишга хизмат қилишидан келиб чиқиб, суд ишларини автоматик тарзда тақсимлаш тартибини амалиётга тўлиқ жорий этишга эришиш мақсадида суд раисларининг ваколатидан ишларни тақсимлаш чиқарилган.
Шунингдек, 2020 йил 1 февралдан бошлаб юридик шахслар томонидан даъво аризаси ва унинг иловаларини жавобгар ҳамда иқтисодий судга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш имконияти яратилиши белгиланган.
Иқтисодий процессуал кодекснинг 150-моддасига даъвогар томонидан даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини жавобгарга ва учинчи шахсларга электрон тарзда юбориш имкониятини назарда тутадиган қўшимча киритилган.
Бунда даъвогар-солиқ тўловчи даъво аризаси ва илова ҳужжатларини судга тақдим этишдан олдин солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали бошқа солиқ тўловчи-жавобгар ва учинчи шахсларга юбориш ҳамда ҳужжатлар юборилганлиги ҳақидаги тасдиқловчи маълумотни кейинчалик судга тақдим этиш учун ахборот тизими орқали юклаб олиш имкониятига эга бўлади.
Энахон СИДДИҚОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг