Янги ўқув йили учун 1-синфга қабул тартиби белгиланди
Иллюстратив фото
Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тегишли буйруғи билан 2026–2027 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига қабул жараёнларини ташкил этиш тартиби тасдиқланди.
Мазкур ҳужжатга кўра, 1-синфга қабул қилиш бўйича давлат хизмати орқали амалга ошириладиган туман (шаҳар)лар сони 64 тадан 135 тага, умумий ўрта таълим мактаблари сони 1956 тадан 5689 тага етказилган.
Шунингдек, буйруққа мувофиқ, 2026–2027 ўқув йилида давлат умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига қабул бўйича давлат хизмати жорий этиладиган туман (шаҳар)лар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқланди.
Қабул жараёни давлат хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ёки Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг электрон давлат хизматлари портали (my.maktab.uz) орқали 2026 йилнинг 20 июнидан – 31 июлига қадар бириктирилган микроҳудуд доирасида ҳамда 1-31 августга қадар микроҳудуддан ташқари ҳудудлардан амалга оширилади.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, 1-синфга болалар улар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади. Яъни, 2026–2027 ўқув йилида 2019 йил 31 декабрга қадар туғилган болалар мактабга қабул қилинади.
Давлат хизмати жорий этилмаган ҳудудлардаги мактабларда қабул жараёнлари анъанавий тартибда амалга оширилади. Бунда қабул мактаб раҳбарлари томонидан ташкил этилади ва қабул қилинган ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар вазирликнинг adm.maktab.uz электрон тизимига киритилади.
Болаларни 1-синфга қабул қилиш бўйича маълумотлар (қабул режаси, қабул вақтлари, бириктирилган микроҳудуд, давлат тилидан бошқа тил бўйича синфлар танланган тақдирда, боланинг бошланғич сўзлашув кўникмасини баҳолаш бўйича саволнома) мактаб биносининг барча учун кўринарли жойига осиб қўйилади.
Қабул қилиш муддати тугагандан сўнг, умумий ўрта таълим мактаблари томонидан микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари ўқувчилар қабул қилинишига йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, 2026 йил 10 августга қадар 1-синфга қабул қилинган ва adm.maktab.uzʼга киритилган болалар сони бўйича 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғаларини туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларига тўлиқ етказилиши режалаштирилган.
Ушбу жиҳозлар 20 августига қадар adm.maktab.uzʼга киритилган болалар сонига мос равишда умумий ўрта таълим мактабларига тарқатилиши белгиланган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг