Янги йилда янги бинода фаолият бошлади

13:47 07 Январь 2020 Жамият
1123 0

“Халқ сўзи ONLINE”. Илҳом Раҳматов/Сурхондарё. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сурхондарё вилояти кенгаши учун қуриб битказилган замонавий бино фойдаланишга топширилди.

Унинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва роли кучайтирилиб, ушбу тузилмани халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бунда Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги Фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Айни пайтда фуқаролар йиғинлари томонидан авваллари маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тааллуқли бўлган 30 дан ортиқ ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик вазифалар амалга ошириляпти.

Ўзини ўзи бошқариш органларини барча шароитларга эга хизмат бинолари билан таъминлаш, мавжудларини таъмирлаб, реконструкция қилиш ва замонавий усулда жиҳозлашга эьтибор кучайтирилди. Жумладан, Сурхондарё вилоятининг ҳар бир туманида биттадан жами 13 та “Маҳалла маркази“ барпо этилиб, ишга туширилди. Вилоятда фаолият юритаётган 719 маҳалла фуқаролар йиғинининг 18 таси учун янги хизмат биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди, 65 таси таьмирланиб, 5 таси тубдан реконструкция қилинди. Олти юзга яқин фуқаролар йиғинлари ўзининг хизмат биносига эга бўлди.

Янги бинода Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сурхондарё вилоят ва Термиз шаҳар кенгашлари ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курси фаолият юритади.

Тадбирда вилоят ҳокими Т. Боболов иштирок этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер