Янги йил арафасида “Тез ёрдам”нинг ҳудудий филиалларига 100 та “Volkswagen Caddy” автомашиналари топширилди

16:25 27 Декабрь 2023 Жамият
434 0

Кутилмаганда тобимиз қочиб, ёрдамга муҳтож бўлсак ёки бирор кўнгилсиз ҳолат туфайли жиддий жароҳат олсак, энг аввало, “Тез ёрдам”га мурожаат қиламиз. 

Дарҳол “103” рақамини терамиз ва қарабсизки, оқ ҳалатли нажот фаришталари уйимизда ҳозир-у нозир бўлади. Уларнинг ўз вақтида кўрсатган биринчи тиббий ёрдами туфайли эса минглаб инсонлар ҳаёти сақлаб қолинади. Жиддий ва оғир асоратларнинг олди олинади.

Таъкидлаш лозим, дунёда турли юқумли касалликлар тез-тез тарқалаётган бугунги кунда беморлар ҳаёти ва соғлигини асраш, уларга шошилинч тиббий хизмат кўрсатишда “Тез ёрдам”нинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Шу боисдан Президентимиз топшириғига асосан мазкур соҳа бутунлай трансформация қилинмоқда. Соҳанинг моддий-техник базаси янгиланиб, кадрлар салоҳияти ошириляпти.

Сир эмас. Бундан 7-8 йил аввал юртимизда тез тиббий ёрдам хизмати сифати ачинарли аҳволда бўлиб, “103” бригадаларининг манзилга кечикиб бориши, автотранспорт воситаларининг етишмаслиги, борлари ҳам талабга жавоб бермаслиги оддий ҳол эди.

Бугун эса вазият бошқача. Соҳага қаратилаётган эътибор туфайли мамлакатимизда “Тез ёрдам” хизмати янги, сифат жиҳатдан юксак ва барча халқаро талабларга жавоб берадиган тизимга айланмоқда.

Айниқса, соҳани барча қулайликларга эга бўлган замонавий автотранспорт воситалари билан таъминлаш борасидаги кенг қамровли чора-тадбирлар натижасида мазкур йўналишда тиббий хизмат кўрсатиш сифати анчайин ортди.

Келинг, рақамларга мурожаат қилайлик. Жорий йил январь ойида Республика тез тиббий ёрдам маркази автопарки юртимизда ишлаб чиқарилган 110 та “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам машиналари билан бойиди. Февраль ойида “Jizzakh Auto” томонидан йиғилган бу турдаги автомобилларнинг 117 донадан иборат навбатдаги партияси ҳудудларга етказиб берилди.

Шунингдек, шу йил август ойида 50, сентябрь ойида 100, октябрь ойида 100, ноябрь ойида эса яна 108 дона “Volkswagen Caddy” русумидаги тез тиббий ёрдам машиналарининг янги партияси эҳтиёжга қараб Республика тез тиббий ёрдам марказининг ҳудудий филиалларига тақдим этилди.

Янги йил байрами арафасида эса “Jizzakh Auto” компанияси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими учун мазкур русумдаги тез тиббий ёрдам машиналарининг навбатдаги 100 дона янги партияси тақдим этилди. Натижада 2022 йилнинг декабрь ойи ва жорий йилда “103” хизматига топширилган бундай автотранспорт воситалари сони 800 тага етди.

Айтиш лозимки, бу галги 100 та автомашина Республика тез тиббий ёрдам марказининг Бухоро, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳри филиалларига мавжуд эҳтиёжга қараб тақсимланади.

Режага кўра, кейинги йилнинг биринчи чорагида яна 200 та “Volkswagen Caddy” русумидаги тез тиббий ёрдам автотранспорт воситалари ҳудудларга топширилади.

Бу эса тизимнинг оперативлиги ва натижадорлигини таъминлаш ҳамда аҳолига янада сифатли тиббий хизмат кўрсатишга замин яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер