Янги давр сари дадил қадам

18:12 17 Июль 2023 Жамият
654 0

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланган Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш маросимида Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган стратегик мақсадлар дастурини инсон қадрининг улуғворлигини таъминлаган ҳолда амалга ошириш устувор эканлигини таъкидлаб ўтди.

Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак. Шундагина у том маънода янги давр бўлади. Таълим соҳасида ҳам улкан ўзгаришлар бўлмоқда. Албатта, ёшларимизнинг янги Ўзбекистонни барпо этишда билим олишларига бўлган интилиш ва қизиқишлари Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда муҳим омилдир. Кейинги йилларда бунинг учун барча шарт-шароитлар яратиб берилаётгани таҳсинга сазовор.

Айни жараёнда институтимиз жаҳоннинг ривожланган Италия, Япония каби давлатларининг ТОП-1000 таркибига кирувчи олий таълим муассасалари билан келишув меморандумларини имзолади. Бу эса иқтидорли талаба-ёшларимизнинг ўқишларини дунёнинг етакчи олий таълим муассасаларида давом эттиришлари, ёш ўқитувчиларимизни илмий изланишларни олиб боришлари учун кенг имкониятлар эшигини очиб бераётир.

Рақобатбардош кадрларни тайёрлаш иқтисодиётимизни ривожлантиришнинг асоси эканлиги боис таълимнинг сифат даражасини янада яхшилаш, назарий билимларни амалиёт билан ўзаро интеграция қилиш, талабаларни ўқиш давридаёқ тадбиркорликка жалб этиш йўналишларида изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Президентимизнинг: “Ёшлик – ғанимат, вақт – ғанимат, фурсат борида отни қамчиланг! Давлатимиз, халқимиз яратиб бераётган имкониятларнинг қадрига етинг! Дунёга ўз сўзингизни айтинг! Изланиш ва интилишдан асло тўхтаманг!» – деган фикрлари Янги Ўзбекистонни бунёд этиш орзусини рўёбга чиқаришда навқирон авлодга куч-қувват, ғайрат-шижоат бахш этади.

Ўктам САЛОМОВ,Фарғона политехника институти ректори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер