Яна бир глобал иқтисодий инқироз эшик қоқмоқда. Кўрилаётган чоралар қанчалик мутаносиб?
Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»
2008 йил ва 2020 йилги глобал молиявий ҳамда иқтисодий инқирозларнинг кўлами қандай? Кўрилаётган чоралар қанчалик мутаносиб? Дастлабки таҳлиллар ва мулоҳазалар.
Коронавирус ва илму маърифат тўқнашуви
Ҳар тўрт йилда бир такрорланиб, бир кунга узунроқ бўлган, бу сафар чиройли рақамлар узра тизилган 2020 кабиса йилига жуда катта орзу ва режалар билан кириб келдик. Ўзбекистонда унга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” дея ном берилди. Бинобарин, у юртимизда иқтисодиётни илм-фанга асосланган инновацион ривожлантириш ва рақамли технологияларни кенг жорий этишнинг мустаҳкам қадами қўйиладиган буюк довоннинг бошланиши сифатида барчамизни руҳлантирди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилга ана шундай ном беришни таклиф қилганида, менимча, мамлакат ва миллатни кутаётган яна бир катта синов борлиги, ундан муносиб ўтишда мана шундай йўл лозимлигини кўрсатгандек туюлади. Буни тушуниб етиш учун узоққа бориш шарт эмас: коронавирус балоси, бир томондан, дунёнинг ажралмас қисми сифатида Ўзбекистонда ҳам илму фан ва маърифатга бўлган эҳтиёж қанчалар юксак экани, бунга ҳали жудаям кўп эътибор бериш, узлуксиз инвестиция киритиш лозимлигини кўрсатган бўлса, иккинчи томондан, бу бало ҳаммани ўз уйида қолдирди ва бундан кейин рақамли технологияларсиз яшаш мумкин эмаслигини исботлади.
Ҳеч бир муболағасиз, 2020 йил нафақат мустақил мамлакатимиз, балки бутун дунё тарихида ўчмас из қолдирадиган, нафақат жаҳон иқтисодиётини, балки инсониятнинг яшаш тарзини мутлақо ўзгартириб юбораётган муҳим жараёнларнинг ибтидоси бўлиб қолади.
Аввал нефть нархи, кейин COVID-19 балоси...
Хабарингиз бор, 2019 йилнинг охирида Саудия Арабистони ва Россия Федерацияси ОПЕК+ форматида нефтнинг нархи ва уни қазиб олиш ҳажми борасида келиша олмагани билан халқаро товар бозорида инқироз юзага келди. 2020 йил аввалида эса Хитойда коронавирус эпидемияси авж олди. Шу икки йирик муаммо биргаликда мисли кўрилмаган глобал рецессияга замин яратмоқда. АҚШ ва Европанинг йирик оммавий ахборот воситаларида эса шу мавзуга бағишланган маълумотлар ва таҳлиллар тинимсиз бериб бориляпти.
Маълумки, “дунё фабрикаси” дея ном олган Хитойдек мамлакатда иккинчи глобал иқтисодиётнинг тўхташи жаҳон бозорида талабнинг кескин тушиб кетишига олиб келди. Оқибатда ХХР иқтисодиёти билан ўзаро ҳамкорликда боғланган барча давлатларда ҳам иқтисодий нисбатлар тарозиси аста-секин иқтисодий турғунлик ҳудудига кира бошлади.
«Дунё фабрикаси» қайта очилди, аммо «жаҳон дўконлари» ёпиляпти
Гарчи бугун Чин ўлкаси иқтисодиёти қайта оёққа тураётган бўлса-да, аммо АҚШ ва Европадек “жаҳон дўконлари” ёпилмоқда. Глобал майдонда халқаро транспорт ва туризм тармоқлари деярли тўхтади. Океан орти ва қўҳна қитъада автомобиль сотиш ҳажми 75 — 80 фоизга тушиб кетди. Умумий овқатланиш тизими тўла карантин режимига ўтди. Аксарият корхоналарда масофадан туриб ишлаш тизими жорий этилди. Умуман олганда, ҳали жаҳон бозорида ялпи тушкунлик қайд этилмаган бўлса ҳам, бугун барчамиз глобал иқтисодиётнинг аксарият тармоқлари ва соҳаларининг янги инқироз палласига кираётганини кузатиб турибмиз.
Шу пайтгача жаҳон иқтисодиётининг охирги 75 йиллик ривожланиш даврида энг катта таҳликали воқелик сифатида биз 2008 йили бошланган глобал молиявий инқирозни эслар эдик. Ўша даврда жаҳон молиявий бозорларидаги беқарорлик анча кескин тус олганди. Хусусан, АҚШ фонд бозорларида индекслар бир кунда 83 фоизгача тушиб кетган, нефтнинг нархи 140 доллардан 30 долларга “қулаган” эди.
2020 йилда бошланаётган инқироз эса ўз кўлами ва шиддатига кўра янада хавфли кўриниш олиши мумкин. Бугун дунё мамлакатлари ишчилари ва хизматчиларининг 81 фоизи карантинда эканлиги фикримизга яққол далилдир.
Келинг, қиёсий таҳлил қилиб кўрамиз. 2008 йилда бошланган жаҳон молиявий инқирози даврида АҚШ ҳукумати “Полсон режаси” номи билан таниш бўлган йирик банк-молия институтлари ва компанияларни қўллаб-қувватлаш учун 750 млрд. доллар миқдоридаги дастлабки дастурни эълон қилди. Бу ўша пайтдаги мазкур биринчи иқтисодиёт ЯИМнинг 5,2 фоизига тенг эди.
2020 йилда эса Президент Дональд Трамп АҚШ тарихида мисли кўрилмаган иқтисодий ёрдам ва рағбатлантириш ташаббуси — 2,2 трлн. доллар ҳажмидаги (ЯИМга нисбатан қарийб 10,3 фоиз) ижтимоий-иқтисодий дастурининг қабул қилинишига эришди. Бу маблағ 2008 йилги инқирозга қарши дастурдан икки марта кўпроқ эканининг ўзиёқ эшик қоқиб келаётган хатарнинг нақадар жиддийлигидан далолат беради. Жаҳон савдо ташкилоти халқаро савдо ҳажми, ҳатто 32 фоизга қадар тушиб кетиши мумкинлигини башорат қиляпти. “Блумберг” ахборот агентлигининг дастлабки таҳлилларига кўра, жаҳон иқтисодиёти ушбу инқироздан 5 триллион долларга яқин зарар кўриши мумкин, АҚШ, Германия ва Франция каби йирик иқтисодиётларда иккинчи чоракдан бошлаб жиддий иқтисодий йўқотишлар башорат қилинмоқда. “Вашингтон пост” газетасида ёзилишича, АҚШда жорий чоракда ишсизлик 30 фоизга қадар кўтарилиши мумкин.
Европада иқтисодий хавфнинг янада кучлилигига муносиб равишда Европа Марказий банкининг 750 млрд. евро ҳажмидаги муаммоли активларни сотиб олишдек иқтисодий рағбатлантириш дастури, Германия, Франция, Буюк Британия, Италия, Испания ва Европадаги бошқа мамлакатлар инқирозга қарши ташаббуслари ҳамоҳанг янграй бошлади. Биргина Франция ёки Италиянинг ўзида қарийб 250 млрд. еврога тенг иқтисодий дастурлар тўғрисида фикр юритилмоқда. Бу рўйхатни Хитой, Жанубий Корея, Япония ва Жануби-Шарқий Осиёнинг қолган давлатлари, шунингдек, халқаро молиявий институтларнинг жаҳон иқтисодиёти, хусусан, кичик ва ўрта бизнес субъектлари, аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш лойиҳалари билан яна давом эттириш мумкин.
2008 йилда 3 ой кейин, 2020 йилда ўз вақтида қабул қилинди
Хўш, 2020 йилда бошланаётган глобал иқтисодий инқироз 2008 йилдагисидан нимаси билан фарқ қилади?
У бир томондан, АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасида, иккинчи томондан эса Европа Иттифоқи аъзолари ичида жиддий инқироз даврида келиша олмаслик муаммоси мавжудлигини намойиш этяпти. Бундан ташқари, АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия ва Хитой глобал тўртлиги орасида ҳам айрим жиддий мунозалар кўтарилиш эҳтимоли глобал иқтисодий инқирозга янада салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Энг муҳими шундаки, бу сафар эшик қоқиб келаётган глобал инқирознинг нафақат Ўзбекистон учун ҳам хавфлилиги тан олиняпти, балки унга қарши мутаносиб ва тезкор чоралар ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, 2008 йилги глобал молиявий инқирозга қарши чоралар кўриш хавф бошланганидан кейин 3 ой ўтиб эълон қилинган бўлса, (инқироз 2008 йил августда бошланган эди, унга қарши дастлабки дастур 18 ноябрда қабул қилинган), 2020 йилги глобал инқирозга қарши чоралар ниҳоятда тезлик билан, глобал хавф эълон қилиниши билан атиги 1 ҳафтада (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус пандемиясини 11 мартда эълон қилган бўлса, Ўзбекистонда унга қарши дастур 19 мартда қабул қилинди. Бундай хавф туғилиши ва унга қарши тайёргарлик кўриш лозимлиги эса 29 январдан бошланган эди, яъни аксарият ривожланган давлатлардан қарийб 2 ой олдин) тайёрланиб, аҳоли орасида ва иқтисодиётда саросиманинг олдини олишга мустаҳкам замин яратилди.
Эски ва янги дастур: фарқ нимада?
Бундан ташқари, ушбу дастурларни қиёсий таққослаш 2008 йилдагидан тубдан фарқли равишда, 2020 йилда Ўзбекистон глобал иқтисодий инқирозга ниҳоятда кенг қамров ва кўламда ҳамда нафақат иқтисодий, балки энг аввало, ҳар бир оила ва инсоннинг хотиржамлиги омилини бош устувор масала сифатида қабул қилиб, жуда жиддий тайёргарлик кўраётганидан далолат беради. Масалан, 2008 йилги иқтисодий дастурнинг асосий мавзулари экспортни қўллаб-қувватлаш, банк тизимининг барқарорлигини сақлаб қолиш ҳамда ишлаб чиқаришда иш жойлари қисқариб кетмаслигига эътибор қаратилган эди. 2020 йилда бошланаётган глобал инқирозга қарши иқтисодий дастур марказидан эса меҳнат ресурслари ишлаб чиқаришдан вақтинча ажратилган бўлишига қарамасдан, аввало, аҳолининг саломатлиги ва ижтимоий таъминоти, кичик ва ўрта бизнесни асраб-авайлаш, иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқлари учун инвестиция, кредит ва солиқ имтиёзларининг берилишидек стратегик мақсадлар жой олди. Зеро, Президентимизнинг иқтисодий дастуридаги бош мезон бу инсон омилидир. Хусусан, аҳолининг кам таъминланган қисмини давлат томонидан жиддий ижтимоий муҳофаза қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётнинг реал секторида ишлаб чиқариш ва экспорт суръатлари пасайиб кетишига йўл қўймаслик энг асосий тамойиллар этиб белгилангани диққатга сазовордир. Энг муҳими, 2020 йилги инқирозга қарши чора-тадбирлар манзилли, уларни молиялаштириш манбалари ўта аниқ ва фақат реал, мавжуд ресурсларга асосланган бўлиб, мавҳум ташқи омиллардан ёрдамни кутмаганлиги билан ажралиб турибди.
Адекват чора-тадбирлар эътирофи
Ўйлаймизки, бугунги шиддатли ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнларни кузатаётган фаол ўқувчилар Ўзбекистон лидери ва ҳукумати томонидан кўрилаётган инқирозга қарши адекват чора-тадбирларнинг моҳияти, кўлами ва аниқ рақамлари билан танишиб келмоқдалар. Бу борада кенг аҳоли орасида, хусусан, телевидение ва интернет каналлар орқали берилаётган тушунтириш ишларининг аҳамияти беқиёсдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати томонидан олиб борилаётган ишларнинг ўз вақтида ва кириб келаётган хавфга мутаносиб эканлигини бугун ҳамма, хорижда ҳам, йирик давлатлар ва халқаро ташкилотлар, мамлакат ичкарисида ҳам, аҳолининг барча қатлами, жумладан, кичик ва ўрта бизнес субъектлар эътироф этмоқда.
Таназзул қаршисида давлатнинг ўзи яккаланиб қолмайдими?
Ўз-ўзидан табиий савол туғилади: шаклланаётган глобал инқирознинг кўламини бугун жаҳон ҳамжамияти тўла баҳолай оляптими? Менимча, йўқ. Шундай экан, кўрилаётган чора-тадбирлар олдимизда турган хавф-хатарга муносиб жавоб бера олишини аниқлаб олиш долзарб. Аниқроқ айтганда, “Иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш, хусусан, ривожланиш палласига ўтаётган кичик ва ўрта бизнесни ҳимоялаш ва асраб қолиш, шунингдек, аҳолининг камбағал ва кам таъминланган қисмини ижтимоий қўллаб-қувватлашдек ўта шиддатли фронтда давлатнинг ўзи яккаланиб қолмайдими?” деган кун тартибидаги саволга оқилона жавоб топиш керак.
Бинобарин, глобал инқирозга, глобал иқтисодий хавфга бугун биз ягона фронт бўлиб қарши туришимиз лозим. Модомики, бу сафарги глобал инқирозга аксарият ривожланган мамлакатлар “инсониятнинг бошқа жонзотга қарши уруши” сифатида қараётган эканлар, биз ҳам якдил, бир мақсад сари, давлатнинг раҳнамолиги остида бирлашишимиз талаб этилади. Бунинг яққол мисоли — Америка ва Европа давлатларида душманга қарши кураш учун инсонлар ҳатто энг муҳим, фундаментал демократик тамойиллар ва қадриятларни бир четга йиғиштириб қўйиб, давлат бошчилигида инсоннинг энг биринчи ҳуқуқини, яъни яшаш ҳуқуқини таъминлаш учун консенсусга келаётганликларидир.
Албатта, Ўзбекистондек ривожланиш босқичига ўта бошлаган иқтисодиётлар учун бундай йирик глобал иқтисодий инқирозларга тўлақонли қарши туришда давлатнинг бир ўзи етарли кучга эга бўлмаслиги мумкин. Эшик очиб кираётган йирик муаммога қарши дастур миқёси, яъни ЯИМга нисбатан ажратилаётган маблағнинг улуши борасида биз аксарият ривожланган давлатларга нисбатан муносиб улушни кўрсатаётган бўлсак-да (дастлабки дастурга мувофиқ ЯИМга нисбатан 2,1 фоиз, жумладан, Европа Иттифоқида ЯИМга нисбатан 2,5%ли иқтисодий дастур муҳокама қилинмоқда), аммо ЯИМнинг аҳоли жон бошига кўрсаткичи миқдорини эътиборга олган ҳолда, амалга оширишимиз лозим бўлган ишларимиз ҳали жуда кўп. Шундай экан, бугунги кунда глобал иқтисодий ва бошқа хавфларга қарши кураш борасида ривожланаётган давлатларда, хусусан, республикамизда ҳам фақат Давлат бюджети механизмини етарли дейиш тўғри эмас, деб ўйлайман. Хусусан, глобал иқтисодий инқироз кўлами ва давомийлиги ҳали аниқ баҳоланмаган экан, давлатнинг ресурс имкониятларини тобора мустаҳкамлаш лозимлиги кун тартибида олдинги ўринга чиқади.
Демак, бугун масала бизнинг энг биринчи ҳуқуқимиз — яшаш ҳуқуқимизни таъминлаш тўғрисида кетаётган экан, барчамиз давлат ҳокимиятининг атрофида янада жипслашишимиз, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз, имкон қадар кўмак беришимиз, қўлимиздан келса унинг моддий имкониятини янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилишимиз лозим. Дунёга таниқли ватандошларимиз хориждан туриб қилаётган беғараз ёрдамлари, саховатпеша, ватанпарвар ва миллатпарвар инсонларимизнинг мамлакат ичида туриб қилаётган ҳомийликлари барчамизни мамнун этаётгани табиийдир. Яқинда ташкил қилинган “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармаси халқимизнинг нақадар бағрикенг ва халқпарвар эканини яққол кўрсатиб турибди. Айни чоғда бу борада ҳали жуда кўп саховат ва мурувват намунасини намоён этишимиз лозим бўлади.
Бировга илтифот қилган халқ эканмиз, ўзимиз учун бундан-да бағрикенг бўла оламиз
Биз Шарқ цивилизацияси, Ислом фалсафаси ва Ўрта аср ренессанси дарғаларининг ворисларимиз. Биз давлатнинг, миллатнинг ва халқнинг бошига оғир кун тушганда янада бирлашадиган, жипслашадиган, ўзи емай ўзгага берадиган, ўзи ерда ётиб, меҳмонига етти қават кўрпа ташлайдиган халқмиз, миллатмиз. Бировга шундай илтифот қила олган халқ эканмиз, ўзимизга, ўз миллатимизга, ўз фарзандларимизга ҳам шундай бағрикенглик қила оламиз. Тарихимизни эслайлик: оғир кунларда давлатнинг халқ томонидан, фақатгина айрим кўнгилли вакиллари томонидан эмас, ёппасига моддий қўллаб-қуввватланиши мисоллари жудаям кўп. Буни тарихчиларимиз бизга эслатиши керак. Ҳолбуки, бир замонларда бўлгани каби, фарзандларимизни фронтга юбориш талаб этилмаяпти, аксинча биздан фарзандларимизни уйда соғ-саломатолиб ўтириш сўраляпти, холос.
Менинг фикримча, биз учун бугун глобал иқтисодий хавфга қарши умуммиллий турадиган палла келди. Яъни халқнинг давлатга беғараз кўмаклашиш жамғармалари тўғрисида, лозим бўлса, нонимизнинг ва молимизнинг бир қисмини эл-юрт манфаати, хусусан, аввало, кам таъминланган аҳоли учун улашиш тўғрисида ўйлайдиган вақт ҳозир. Зеро, бу фазилатлар асрлар давомида томирларимизда, қалбларимизда жўш уриб келаётган миллий ва диний қадриятларимиз билан ҳамоҳангдир. Бугун миллат, эл-юрт манфаати ва хавфсизлиги йўлида бутун халқ, ҳар бир ватанпарвар фуқаро имкон қадар давлатни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашини ҳаётий мажбурият деб билиши керак, деб ҳисоблайман.
Синовли кунлар, албатта, ўтиб кетади
Дунёдаги ижтимоий ва иқтисодий вазиятнинг тез ўзгариб бораётгани ҳамда Ўзбекистонда ҳукуматнинг, аввало, аҳолининг кам таъминланган қатлами, шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини эътиборга олган ҳолда, оддий фуқаро ва иқтисодчи олим сифатида, қуйидагиларни таклиф этган бўлардим.
Аввало, давлатга беғараз кўмаклашиш мақсадида барча вазирлик, идора, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг турли даражадаги раҳбар кадрлари, ижтимоий масъулиятли тадбиркорлар ва ташаббускор фуқароларнинг беғараз ҳомийликлари (жумладан, маълум муддатга бериладиган) орқали кичик ва ўрта бизнесга мақсадли равишда фоизсиз кредитлар ажратиш ҳамда уларнинг тижорат банкларидан оладиган кредитлари учун кафиллик беришга кўмаклашувчи жамғарма ташкил этиш лозим.
Айни чоғда аҳолининг кенг қатламлари ва турли бизнес субъектлари томонидан “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармасини қўллаб-қувватлаш ишини умумиллий ҳаракатга айлантириш мақсадида ушбу тадбирларни янада кенгроқ тарғиб қилиш, ушбу жамғарманинг маблағларидан мақсадли фойдаланиш тадбирлари ва уларнинг натижадорлигини аҳоли орасида тез-тез намойиш этиб бориш керак.
Ўз навбатида, иқтисодий ривожланишда талабни шакллантиришнинг энг йирик манбаси сифатида ҳамда камбағал ва кам таъминланган аҳоли ижтимоий таъминотини янада кучайтириш, озиқ-овқат ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида Давлат бюджети харажатларини янада манзиллаштириш ва оптималлаштириш чора-тадбирларини кўриш ҳам муҳим.
Бундан ташқари, озиқ-овқат ва бошқа биринчи даражали истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, хусусан, қишлоқ хўжалиги экинлари экишни ва маҳсулотларини ишлаб чиқаришни жадаллаштиришга қаратилган турли фаолият турларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш давр талабидир.
Қолаверса, қишлоқ аҳолиси, хусусан, қишлоқда иш билан таъминланмаган ёшларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш тадбирларини янада кучайтириш, бунда қишлоқда туғилиб ўсган ва катта шаҳарларда яшаётган, моддий жиҳатдан етарли имкониятга эга бўлган ижтимоий масъулиятли ва фаол кадрлар, бизнес ва бошқа соҳалар вакилларининг шахсий намуналаридан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Хулоса ўрнида айтганда, ҳозирга кунда Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва ташкилотлари томонидан олиб борилаётган аҳолининг кам таъминланган қисмини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес субъектларини иқтисодий рағбатлантириш чора-тадбирларидунёда кечаётган мураккаб иқтисодий ва ижтимоий жараёнларга мутаносиб равишда ташкил этиляпти. Бу борада дунёда кенг тарқалган давлат-хусусий шериклиги, моддий таъминланган аҳолининг ва бизнеснинг ижтимоий масъуллиги тамойилларига асосланган ҳолда давлатга кўмаклашувчи турли ижтимоий ташаббусларга асосланган ғоялар ва лойиҳаларни муҳокамага ташлаш ва амалга ошириш зарурияти ҳам мавжуд бўлиб, бундан кейин унга нисбатан эҳтиёж янада ошиши кутилади.
Адҳам БЕКМУРОДОВ,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг