Яхшиларга ташаккур айладилар

14:44 25 Август 2020 Жамият
1255 0

Ривоят қилишларича, бир куни Қуёш ётоғидан бош кўтаришни истамай қолибди. Шунда Борлиқ ундан сўрабди:

— Тонг отар пайтига оз қолди, сен нега ҳали ҳам ётоғингдасан?

—​ Бундан буён ер юзига нур сочмайман, —​ дебди Қуёш араз ҳолатда.

—​ Нима бўлди? —​ ҳайрон бўлиб сўрабди Борлиқ.

—​ Мен яхши кайфиятда заминга нур таратаман, тафтимдан дунё яшнаб кетсин, дейман. Ер юзида бўлса яхши одам қолмаган. Бири қаллоб, иккинчиси бемеҳр, учинчиси ғирром...

Борлиқ мийиғида кулибди:

—​ Сен яхшилаб қарагинда. Битта ёмонни деб, юзта яхшига қуллуқ қилмаслик гуноҳ-ку! Ҳар тонг заминга назар ташлашдан аввал эътибор қил, ахир, сенинг дийдорингга минглаб одамлар пешвоз чиқадилар. Олтиндек заррин нуринг ғуборларга чайилмасин деб ҳали тун чекинмасидан кўчаларга сув сепишади, ер юзини ғубордан тозалашади. Улар сенинг ташрифингни деб уйқусидан воз кечсалар майлию, сен уйқунгдан воз кечолмайсанми?

Шундан буён Қуёш ҳар тонг ер сатҳига нур сочмоққа шошилар, яхши одамлар эса тун чекиниб улгурмасидан ер юзини ғуборлардан тозалар эканлар. Уларни яхши инсонларнинг ЯХШИлари деб аташар эканлар.

Бугун Миллий гвардия ходимлари ҳам андижонлик 100 нафардан ортиқ ЯХШИ инсонларни йўқлаб бордилар. Уларнинг меҳр тўла ташрифидан Андижон шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ниҳоятда хурсанд бўлишди.

—​ Тонгги 3-4 ларда ишга чиқаман, —​ дейди ишчи Насибахон Маткаримова. —​ Ерга ёруғ тушгунча кўчаларни супуриб, чиқиндилардан тозалаб қўяман. Кўчада илк одам пайдо бўлганда покиза йўлакдан юриб келаётганини кўриб қилган ишимдан завқланаман. Аслида ўша одамларнинг бир оғиз «Ҳорманг» деган сўзининг ўзи кўнглимизни тоғдек кўтаради. Миллий гвардия ходимларининг йўқлови эса ҳақиқий байрамга айланиб кетди.

Шу куни ходимлар шаънига нафақат, яхши гаплар айтилди, меҳнати учун миннатдорчилик изҳор этилди, балки, тонгги нонушта ҳам улашилди. Гап совға-салом, ноз-неъматда эмас. Ҳамма гап —​ эътиборда!

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер