Яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат – бу ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак демак

14:03 02 Апрель 2026 Жамият
270 0

Аввал хабар қилинганидек, кеча Президентимиз иштирокида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирлари бўлиб ўтди. Эзгу ташаббус давомида Миллий дендрология боғини барпо этишга киришилди.

Тадбирда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Фарғона вилояти ҳам видеоалоқа орқали уланиб, кенг миқёсда яшил ҳудудлар ташкил этиш ишлари амалга оширилди.

Айни жараёнда шаҳар-туманларда ҳам мевали ва манзарали дарахтлар экилиб, маҳаллалар, меҳнат жамоалари ва аҳоли хонадонларида кўчат экиш тадбирлари уюшқоқлик билан ўтказилди. Хусусан, вилоят марказидан тортиб энг олис маҳаллаларда ҳам янги боғлар, кўкаламзорлаштирилган ва яшил ҳудудлар барпо этилди.

Шу куни Фарғона туманининг “Юқори арча” МФЙ ҳудудидаги 60 гектар майдонда “Яшил боғ” ва “Яшил белбоғ” ташкил этилди. Дарахт экиш ишларида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар, сенатор ва депутатлар қатнашдилар.

—Бугун ушбу ҳудуддаги 10 гектар ерга 5 минг тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари экилди,—дейди Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи Алишер Аҳмедов.—Тантанали тадбирда давлатимиз раҳбари жуда ҳам ўринли эътироф этганларидек, “Яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу келажак демак”.

Қувонарлиси, умуммиллий лойиҳа доирасидаги ишлар кўлами йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Ўтган йилнинг баҳор мавсумида вилоятда 5 миллион 606 минг туп кўчат экилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида мазкур кўрсаткич 6 миллион 150 минг тупга яқинлашди. Биргина кечаги куннинг ўзида вилоят бўйлаб 60 минг тупдан ортиқ дарахт экилгани эътиборга молик.

Айтиш жоиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича жорий йилда Фарғона вилоятида 15 миллион 245 минг туп мевали ва манзарали дарахт экиш режалаштирилган.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер