Вобкент туманида автомобиль газ қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлди (+видео)
Вобкент туманида жойлашган «Сарипул автогаз» МЧЖга қарашли автомобиль газ қуйиш компрессор шохобчаси (АСГҚКС) ҳудудида 15 февраль куни ёнғин содир бўлди. Ҳодиса тахминан соат 06:30 ларда HOWO русумли юк автомашинасининг салон қисмида электр симларида қисқа туташув юзага келиши натижасида рўй берган.
Бахтсиз ҳодиса содир бўлиши биланоқ, ҳайдовчи тезкорлик билан ҳаракат қилган ҳамда ёнғин ўчириш воситаларидан тўғри фойдаланиш орқали ёнғинни бартараф этишга муваффақ бўлган. Ушбу вазият оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган, ёнғин эса қисқа фурсатда ўчирилган.
Мутасадди идоралар томонидан маълум қилинишича, Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг навбатчилик қисмига ушбу ҳолат бўйича ҳеч қандай хабар келиб тушмаган. Шунга қарамай, мутахассислар ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш ҳамда ёнғин ўчириш воситаларидан тўғри фойдаланишни билиш муҳимлигини яна бир бор эслатмоқда.
Ёнғин содир бўлганда тезкор ва тўғри ҳаракат қилиш ҳамда ёнғин ўчириш воситаларидан самарали фойдаланиш ёнғин оқибатларини камайтиришга ёрдам беради. Мутахассислар барча ҳайдовчи ва фуқароларни ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга чақирмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг