Владимир Норов Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазири Кейко Нагаока билан музокаралар ўтказди
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати
2022 йил 23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Японияга ташрифи доирасида ушбу мамлакат Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазири Кейко Нагаока билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон иқтисодиётига талаб катта бўлган мутахассисликлар бўйича таълим, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш, қўшма маданий-гуманитар тадбирларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
К.Нагаоканинг сўзларига кўра, Япония томони Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таълим, ўқув муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар тайёрлаш, илм-фан ва инновациялар соҳаларидаги ислоҳотларни амалга оширишни катта қизиқиш билан кузатмоқда.
Ўзбекистонда япон технологиялари ва мутахассисларини жалб қилган ҳолда профессионал таълим муассасасини (япон тилида «косен») очиш, техник мутахассисликлар бўйича магистрлар тайёрлаш бўйича ҳукуматлараро битим тузиш орқали олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масаласида иш бошлаш, шунингдек, мамлакатимиз ўқитувчилари ва тадқиқотчилари учун тренинглар ва стажировкаларни ташкил этиш юзасидан келишувларга эришилди.
Ўз навбатида, В.Норов Ўзбекистоннинг мактабгача ва мактаб дастурларини такомиллаштириш, ўқитиш методикаси ва замонавий дарсликлар яратиш бўйича Япония тажрибасини ўрганишга қизиқиши ҳақида маълумот берди.
Томонлар маданий-гуманитар алоқалар изчил ривожланиб бораётганини қайд этиб, икки мамлакат жамоатчилигини бир-бирининг бой маданий-тарихий мероси билан яқиндан таништириш мақсадида режалаштирилган тадбирларнинг ташкилий жиҳатлари муҳокама қилдилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг