Владимир Норов Цукуба университети президенти, Япония Миллий университетлари ассоциацияси раҳбари Кёсуке Нагата билан учрашди
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати
2022 йил 24 декабрь куни Токио шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Цукуба университети президенти, Япония Миллий университетлари ассоциацияси раҳбари Кёсуке Нагата билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон иқтисодиёти учун таълим, фан ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Япония томони Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди. Ўзбекистонда таълим тизимини ҳар томонлама ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлашга катта куч ва маблағлар йўналтирилаётгани алоҳида қайд этилди.
Япония томони давлатимиз раҳбари томонидан илм-фан ва таълимни ҳар томонлама модернизация қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади.
К.Нагата мамлакатимизда 2023 йилга «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб ном берилгани Ўзбекистон Президентининг таълим соҳасига қаратаётган алоҳида эътиборининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади.
Япония Миллий университетлари ассоциацияси президенти икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасидаги шериклик муносабатларини ривожлантириш бўйича қўшимча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Муҳандислик, ахборот технологиялари, бизнес бошқаруви соҳаларида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, фундаментал ва амалий тадқиқотларни рағбатлантиришга қаратилган қўшма таълим дастурларини яратиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Цукуба университетининг стипендия дастурларида ўзбекистонлик талабалар иштирокини ошириш, шунингдек, академик алмашинувларни фаоллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг