Владимир Норов АҚШнинг Халқаро диний эркинлик соҳасидаги махсус топшириқлари бўйича элчиси Рашад Ҳусайн билан учрашув ўтказди
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Америка Қўшма Штатларининг Халқаро диний эркинлик соҳасидаги махсус топшириқлари бўйича элчиси Рашад Ҳусайн билан учрашув ўтказди.
Америка томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар, жумладан, фуқароларнинг диний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди. Диний эркинликни таъминлаш, фуқаролар учун диний расм-русумларни адо этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш Янги Ўзбекистон Тараққиёт ривожлантириш стратегиясининг муҳим қисми экани таъкидланди.
Р.Ҳусайн Ўзбекистонда фуқароларнинг дин соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, бу борадаги миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, мамлакатда динлараро ўзаро англашув муҳитини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтларини, шу жумладан диний ташкилотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар натижаларини олқишлади.
Америка томони, шунингдек, диний расм-русумларни адо этиш ва диндорларнинг ўз эътиқодларини ифода этишлари учун янада кенгроқ шароитлар яратиш радикал қарши курашга ёрдам беришини таъкидлади. Р.Ҳусайн ушбу соҳадаги ислоҳотлар, шу жумладан, қонун ҳужжатларини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар давом этишига ишонч билдирди.
Учрашув якунида томонлар диний эркинликни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мунтазам равишда амалий мулоқот олиб боришга келишиб олдилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг