Вертикал бошқарув тизими ўзини оқлаяптими?
Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”
Янги тизим, янгича ёндашув, янгича фикрлаш... Сўнгги йилларда ушбу жумлалар ҳаётимизнинг барча жабҳасида тилга олиниб, шунга яраша улкан натижаларга эришилмоқда.
Албатта, бунда давлатимиз раҳбарининг “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам муҳим аҳамият касб этаётир. Чунки биргина аҳоли муаммолари билан ишлаш, давлат органлари ва аҳоли ўртасида шаффофликни таъминлаш борасида ҳам ана шу атамаларга хос равишда ҳужжат билан мутлақо янги тизим яратилди. Прокуратура органларига бир қатор вазифалар юкланиб, вертикал бошқарув тизими жорий қилинди.

Биргина Зарбдор тумани 2-секторда жами олтита маҳалла мавжуд бўлиб, ундаги оилаларда 19 792 нафар аҳоли яшайди. Жорий йил давомида 2-сектор томонидан ҳар ойлик сайёр қабуллар режаси ишлаб чиқилиб, йигирмадан ортиқ сайёр қабуллар ўтказилган. Уларда иштирок этган 711 нафардан зиёд фуқаронинг 54 та мурожаати қабул қилиниб, 28 таси қаноатлантирилган, 25 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Бундан ташқари, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида
296 та эҳтиёжманд оилага ҳомийлар ҳисобидан ҳамда сектор раҳбари томонидан 170 та оилаларга жами 748 маротаба 473 млн. 310 минг сўмлик амалий ёрдамлар кўрсатилди. Натижада 296 та эҳтиёжманд оиладан 276 таси “темир дафтар”дан рўйхатдан чиқарилиши таъминланди.
Бундан ташқари, “Замонавий маҳалла” лойиҳаси доирасида 2-сектор ҳудудидаги Тоза уруғ ва Тараққиёт маҳалласи биноси қайта тўлиқ таъмирланган бўлса, ҳозирги кунда Лалмикор маҳалласи биноси қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Туман 2-сектори томонидан “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари”га киритилган ёшлар ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ҳал этилиши ҳам алоҳида назоратга олинган.
Айтиш жоизки, “ёшлар дафтари”га киритилган 139 нафар ёшнинг муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг бандлигини таъминлаш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, ишга жойлаштириш орқали 37 нафар, тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали 34 нафар, касб-ҳунарга ўқитиш орқали 21 нафар, иқтимоий-иқтисодий бартараф этиш орқали 30 нафар ёшнинг муаммоси ҳал этилди. Шунингдек, тумандаги “ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган ёшлардан 153 нафарига истаклари бўйича ер майдони ажратиб берилди.

Бундан ташқари, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи, 2-сектордаги “Тараққиёт” МФЙда яшовчи фуқаро Т.Лапасовга қуёнчиликни ривожлантириш учун сектор раҳбари кўмагида 300 млн. сўм кредит маблағлари ажратилиши таъминланди. Шу каби, сектордаги “Янгиҳаёт” МФЙда яшовчи фуқаро С.Рисбоевга 30 млн. кредит ажратилишида ёрдам берилиши натижасида автотранспорт воситаларини ювиш шохобчаси ташкил қилиниб, 3 та иш ўрини яратилди.
Сектордаги “Тоза уруғ” МФЙда яшовчи фуқаро З.Шодиёровга 22 млн. кредит ажратилиб, новвойхона ташкил этилди. Бу билан қўшимча икки нафар фуқаро иш билан таъминланди.
Бугунги кунда ушбу дафтарга киритилган барча ёш рўйхатдан чиқарилди.
Бу ҳали барчаси эмас. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида
“Янгиобод”, “Тоза уруғ” ва “Тараққиёт” МФЙларда янги “Street workout” майдончаси қуриб фойдаланишга топширилди. Қолаверса, сектор ҳудудидаги 6 та маҳаллада эса электрон кутубхона ташкил этилди.
Аёллар билан ишлаш. Бу борада ҳам ютуқлар бисёр. Хатлов натижасида “аёллар дафтари”га киритилган 131 нафар хотин-қизнинг муаммоларини ҳал этиш доимий эътиборда бўлди. Уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича, хусусан, ишга жойлаштириш орқали 37 нафар, тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали 34 нафар, касб-ҳунарга ўқитиш орқали 21 нафар, иқтимоий-иқтисодий бартараф этиш орқали 30 нафар аёлнинг муаммолари ҳал этилган. “Аёллар дафтари”га киритилганларнинг барчаси бугун рўйхатдан чиқарилган.

Таъкидлаш керакки, иккинчи сектор мутасаддилари “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари ижроси бўйича ҳам зарур чораларни кўряпти. Жорий йилда туманнинг 2-секторидаги “Янгиобод” МФЙда “Обод маҳалла” дастури доирасида 3-давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси қайтадан қуриляпти.
Шунингдек, МФЙ ҳудудида 15 км. узунликдаги ичимлик суви тармоғи ётқизиш ва 1 та артезиан қудуғи қазиш, кўчаларга 1 км. кўчада асфальт-бетон, 5,2 км. қум-шағал аралашмаси ётқизиш, 20 та кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш, 5,4 км. электр тармоғини реконструкция қилиш,
1,5 км. узунликдаги алоқа тармоғи реконструкция қилиш, 0,8 км. пиёдалар йўлаги қуриш, 22 та кўчада тунги чироқлар ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, ишлар давом эттирилмоқда.

Ҳозирга қадар МФЙда электр таъминотини яхшилаш лойиҳаси доирасида 2 та трансформатор ўрнатилди, шунингдек, 1 км. узунликдаги табиий газ тармоқлари реконструкция қилинди, 3 та газ тақсимлаш пунктлари таъмирдан чиқрилди.
Буларнинг барчаси аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлардир. Демак, келгусида туман маҳаллалари янада обод бўлади.
“Халқ сўзи”.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг