Венгриядаги парламент сайловларида мухолифатдаги «Тиса» партияси ғалаба қозонди

10:41 13 Апрель 2026 Дунё
258 0

Венгрияда бўлиб ўтган парламент сайловлари якунларига кўра, Петер Мадьяр бошчилигидаги мухолифатдаги «Тиса» партияси ғалаба қозонди, деб хабар бермоқда BBC.

Сайловлар ҳам партия рўйхатлари, ҳам бир мандатли сайлов округлари бўйича бўлиб ўтди. Бюллетенларнинг қарийб 99 фоизи қайта ишланганидан сўнг, «Тиса» партияси 199 та мандатдан 138 тасига эга бўлмоқда.

Мамлакатни 16 йилдан бери бошқариб келаётган бош вазир Виктор Орбаннинг «Фидес» партиясига 54 та мандат тегди. Яна олтита ўрин ўта ўнгчи «Бизнинг ватанимиз» партиясига насиб этди. Венгрияда парламентга кириш учун партиялар 5 фоизлик тўсиқдан ўтишлари керак.

Венгрия қонунчилигига кўра, овозларни якуний ҳисоблаш шанба, 18 апрелдан кечиктирилмаган ҳолда якунланиши лозим.

Виктор Орбан аллақачон Петер Мадьярни ғалаба билан табриклаганини маълум қилди. У сайлов натижалари тушунарли эканини қайд этиб, буни «оғриқли» деб атади ва «Фидес» энди мухолифатда бўлган ҳолда Венгрияга хизмат қилишини қўшимча қилди.

Будапешт марказида тарафдорларининг ғалаба митингида нутқ сўзлаган Мадьяр: «Биз буни уддаладик», деб айтди.

«Биз биргаликда Венгрияни озод қилдик ва Орбан режимини ағдардик. Якшанба куни сайлов участкаларига келиб овоз берганларсиз бунинг иложи бўлмас эди», — дея таъкидлади Мадьяр.

«Тиса» етакчисининг сўзларига кўра, демократик Венгрия тарихида ҳеч қачон бунчалик кўп одам овоз бермаган. Сайловда сайловчиларнинг иштироки рекорд даражада — 74,23 фоизни ташкил этди.

Петер Мадьяр ўз нутқида бўлиб ўтган овоз бериш венгерлар «Европага ҳа» деганини англатишини айтди. У янги ҳукуматни олдинда катта ишлар кутаётганини маълум қилди.

Виктор Орбан Венгрияни 16 йил давомида бошқарди. У Россия етакчиси Владимир Путиннинг Европадаги асосий шерикларидан бири ҳисобланарди. Орбанни АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам фаол қўллаб-қувватлаб, агар у бош вазир лавозимида қолса, Қўшма Штатлар Венгриянинг «гуллаб-яшнашига» ҳисса қўшишга тайёрлигини айтган эди.

Петер Мадьяр — марказчи-ўнг сиёсатчи бўлиб, Европа билан муносабатларни тиклаш тарафдори. Украинани қўллаб-қувватлаш масаласида унинг «Тиса» партияси эҳтиёткорона позицияни эгаллаган — улар Украинанинг Европа Иттифоқига тезлаштирилган тартибда аъзо бўлишига қарши.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер