Вазир кубогини бойсунлик қизлар қўлга киритди

22:11 30 Март 2026 Жамият
212 0

Термиз шаҳрида ўқувчи қизлар ўртасида футбол бўйича «Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги» мусобақасининг республика финал босқичи юқори савияда ўтказилди.

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган жамоалар ўртасидаги ўйинлар қизғин ва курашларга бой кечди. Майдонга тушган ҳар бир қиз ғалаба учун бор кучини ишга солиб, ўз маҳоратини намоён этди.

Якуний натижаларга кўра, Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги 30-мактаб жамоаси барчадан устун келиб, биринчи ўринни қўлга киритди. Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов тумани 10-мактаб жамоаси иккинчи, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани 42-мактаб жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб жамоага «Дамас» автомобили ва 250 миллион сўм пул мукофоти топширилди. Иккинчи ўрин соҳиблари 200 миллион сўм ва автомобиль билан тақдирланди. Учинчи ўринни эгаллаган жамоага эса 150 миллион сўмлик ваучер ҳамда автомобиль берилди.

Шунингдек, мусобақада қатнашган барча 16 та жамоа ҳам эътибордан четда қолмади. Уларга пул мукофотлари, спорт майдончалари барпо этиш учун имкониятлар, замонавий телевизорлар ва футбол тўплари топширилди.

Тақдирлаш маросимида Спорт вазири Адхам Икрамов ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозахон Каримова иштирок этди.

Мусобақа якунида ташкил этилган концерт дастури тадбирга байрамона кайфият бағишлади.

Бу каби мусобақалар ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, айниқса, қизларнинг жисмонан соғлом ва фаол бўлиб улғайишида муҳим аҳамият касб этади.

Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер