“Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати”

08:35 09 Январь 2020 Жамият
19696 0

Ватан. Бу сўзни эшитганда кимнингдир кўз ўнгида сўлим табиат жонланса, бошқа биров ўз ҳовлисини ёки давлат рамзларини тасаввур қилади. Яна кимдир чексиз сарҳадларни хаёлига келтиради. Балким биз Ватан деганда ана шу сарҳадлар ҳимояси учун жонидан-да кечишга тайёр инсонларни ўйлашимиз керакдир. Сабаби токи орамизда ватанпарварлар сони кўпайиб борар экан, ҳаётимиз ҳамиша дахлсиз бўлади. Шу аснода бугун ёшлар онгида Ватан туйғусини юксалтириш учун юртимиз бўйлаб кўпгина ватанпарварлик тадбирлари ташкил этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати” шиори остидаги ватанпарварлик ойлиги бу борадаги амалий ишлар тасдиғи бўлмоқда. Бунда Президентимизнинг 2019 йил 13 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиши асос қилиб олинган.

Бугун Ўзбекистон халқаро ислом академиясида мазкур ойлик доирасида“Жасорат”, “Шуҳрат” медали соҳиблари, “Мард ўғлон” ва Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Қуролли Кучлар академияси, Миллий гвардия сафларида хизмат қилиб келаётган ҳарбийлар билан маданий-маърифий учрашув ташкил этилди.

Тадбирни Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Ш.Акмалов очиб бериб, юртимизда кенг нишонланаётган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан барчани муборакбод этди.

Ватан ҳамиша азиз ва мукаррам ҳисобланади, — дейди ўз сўзида Ш.Акмалов. — Шу боис юртимиз осмонининг мусаффолиги ва халқимиз ҳаётининг фаровонлигида ҳарбий хизматчилар-у Ватанимиз истиқболига ўзини дахлдор билган ҳар бир ватандошимизнинг ҳиссаси бор.

Тадбир давомида Миллий гвардия алоҳида вазифаларни бажариш учун бригадаси бош сержанти Сержант Одил Нурмонов, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Чаман Жонузоқова, “Шуҳрат” медали соҳибаси Муҳтарам Алиева, “Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндорлари Шомурод Шопўлатов ва Беҳзодбек Болтабоев ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари фахрийлар кенгаши раиси Хайрулла Саъдуллаевлар сўзга чиқишди. Улар турли соҳа вакиллари сифатида ватанпарварлик қандай шаклланиши мумкинлигини ўз ҳаётий мисоллари орқали тушунтириб беришди. Бизнинг бугунги фаровон ҳаётимизни таъминлашда кўплаб ватандошларимизнинг ҳиссаси борлиги таъкидланди. Тинчлигимиз ортида жуда катта жасорат борлиги, азал-азалдан халқимиз ҳар бир қийинчиликни сабр билан енган, мард, ватанпарвар ўғлонларнинг эл-юрт хизматига доимо шай эканлиги узоқ ва яқин ўтмишда бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар мисолида айтиб ўтилди.

– Ватанпарвар бўлиш учун ҳарбий соҳада фаолият олиб бориш шарт эмас, — дейди раиси Х.Саъдуллаев.– Ҳар бир киши ўз касбининг етук мутахассиси бўлса ва, албатта, унинг бу саъй-ҳаракатларидан эл-юртга, халққа фойда тегса, Ватан тараққиёти йўлида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган ҳақиқий ватанпарвар бўлади.

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари фахрийлар еенгаши томонидан Андижон, Сариосиё, Узун воқеаларида жасорат кўрсатиб, мардларча ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасига бағишланган видео ролик намойиш этилди.

Самимий ва дўстона мулоқот тарзида ўтказилган учрашув якунида талаба-ёшлар тадбирдан олган ўз хулосаларини тенгдошлари билан бўлишди. Ватанпарварлик ойлиги доирасида ташкил этилган “Ватанимга хизмат қиламан!” шиори остидаги “ҳештег”да ҳам талаба ёшлар фаол иштирок этишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллигига ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга бағишланган ватанпарварлик ойлиги доирасидаги маънавий-маърифий тадбирлар давом этмоқда.

Дилшода Олимова, ЎзЖОКУ талабаси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер