“Ватанпарвар” ташкилоти Европага техник мутахассислар етказиб бериш арафасида

09:57 26 Август 2023 Жамият
1128 0

Фото: “Ватанпарвар” ташкилоти Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгашида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг раҳбар ходимлари билан учрашув ўтказилди. Бу ҳақда “Ватанпарвар” ташкилоти Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Томонлар Европа давлатлари, хусусан, Германия, Литва, Латвия, Словакия ва Полшада техник касб мутахассисларига бўлган юқори талабни “Ватанпарвар” ташкилоти имкониятларидан келиб чиққан ҳолда қондириш мумкинлиги тўғрисида муҳокама қилдилар.

Ҳозирда Европада 10 мингдан зиёд “CE”, “D” тоифадаги ҳайдовчиларга ва минглаб турли техник касб эгаларига эҳтиёж сезилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан турли мамлакатлардан, жумладан, Ўзбекистондан ушбу касб мутахассисларининг Европа давлатларига бориб ишлашлари учун имконият яратади.

“Ватанпарвар” ташкилотининг 210 дан ортиқ ўқув муассасаларида республика бўйлаб йилига ўртача 150 минг нафар фуқаролар ҳайдовчилик касбига ҳамда яна минглаб фуқаролар техник хизмат кўрсатиш ва мураккаб техникаларни бошқариш мутахассисликларига тайёрланмоқда. Ўз навбатида, ушбу омил ташкилотнинг Европа давлатлари талабини қондириши мумкин бўлган малакали кадрларни етказиб бериш қувватига эга эканлигини англатмоқда.

Яқин кунлар ичида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Ватанпарвар” ташкилоти томонидан ушбу масала юзасидан аниқ механизмлар ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойи бошида Германия Федератив Республикаси Ички ишлар ва ватан вазирлиги ҳузуридаги миграция масалалари бўйича ҳукумат махсус вакили Йоахим Штамп бошчилигидаги делегация “Ватанпарвар” ташкилоти Тошкент шаҳар кенгаши тасарруфидаги Чилонзор тумани Ўқув спорт техника клубига ташриф буюриб, ташкилотнинг моддий-техник негизи билан танишган эди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер