Ватан ҳимоячиси онаси эканимдан фахрланаман — Санобархон Олимова
Андижон шаҳрида 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни Тошкент вилоятида йигитлик бурчини ўтаётган андижонлик муддатли ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ота-оналари, шунингдек, Андижон вилоятида йигитлик бурчини ўтаётган Тошкент вилоятилик аскарлар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида видеомулоқот ўтказилди. Унда аскарларнинг хизмат фаолияти ва яшаш шароити, хизматдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этишлари учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди.

— Ўғлим Сардорбекнинг Ватан олдидаги ўз бурчини шараф билан адо этаётганидан ниҳоятда хурсандман, — дейди Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Санобархон Олимова. — Бугун у билан видеомулоқот орқали юзма-юз кўришиб, кўзларида порлаган оташдан кўнглим янада равшан тортди. Ватан ҳимоячиси онаси эканлигимдан фахрланаман!

Шу куни ота-оналар ва аскар ўғлонларнинг дилдан суҳбати уюштирилибгина қолмасдан, Ватан, тинчликни тараннум этувчи куй ва қўшиқлардан иборат байрам дастури ҳам ташкил этилди. Тадбир давомида аскар оналарига вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг