Ватан ҳимоячилари кунини кенг нишонлашга бағишланган матбуот анжумани

21:27 27 Декабрь 2022 Сиёсат
1083 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг
20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида миллий хавфсизликни таъминлаш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқилишини, бу борада депутат
ва сенаторлар, маҳалла, нуроний, хотин-қизлар ва ёшлар фаолларига, бутун халқимизга қарата энг бебаҳо олий неъмат – тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг қадрига етиш, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлашни таъкидлаб ўтди. Шу мақсадда эса ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият беришга қаратди.

Мамлакатимизда ҳар йили Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланади.
1992 йилнинг 14 январида республика Олий Кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида» қарори қабул қилиниб, юртимиз ҳудудидаги ҳарбий қисм ва муассасалар республика тасарруфига олинган. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 29 декабрдаги Қонуни билан 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни этиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 14 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллигини ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” фармойиши асосида юртимиз бўйлаб “Миллий армиямиз – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!” шиори остида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган маънавий-маърифий, маданий тадбирлар ўтказилиши бошланди.

Мазкур Фармойишдан кўзланган асосий мақсад, Қуролли Кучлар ташкил этилганлигининг 31 йиллигини ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини муносиб кутиб олиш ва уни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш, халқ ва армия якдиллигини янада мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фуқароларимизда миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини камол топтириш, шунингдек, Қуролли Кучларимиз нуфузини янада оширишни таъминлашдан иборатдир.

Фармойиш билан Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда юқори савияда ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби, шунингдек, ташкилий-амалий, ахборот-ташвиқот, ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-маърифий тадбирларни ўз ичига қамраб олган чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди.

Дастурда алоҳида равишда таълим-тарбия муассасаларида, жамоат жойларида, маҳаллаларда, муассаса ва ташкилотларда ўтказиладиган тадбирлар белгилаб ўтилган.

Хусусан, ўқувчи-ёшларни ҳарбий касбларга йўналтириш, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Мард аскар – ёшларга намуна!” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларини, ҳарбий қисм ва муассасаларда очиқ эшиклар кунини, умумтаълим мактабларида “Ватанпарварлик дарслари”ни ўтказиш, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги музейларга экскурсияларни ташкил қилиш, шунингдек, ўқувчи-ёшлар ўртасида “Посбониман муқаддас юртнинг” мавзусида иншо ва шеърий асарлар танлови ҳамда “Менинг армиям – менинг фахрим!” мавзусида “Энг яхши тасвирий санъат асари” танловларини ўтказиш режалаштирилган.

Жойларда ҳарбий хизматчилар ва ёшлар ўртасида Ҳарбий-маъмурий сектор раҳбарининг соврини учун “Амир Темур ўғлонлари”, “Жалолиддин Мангуберди ворислари” ва “Тумарис издошлари” кўрик-танловларини, “Аскар оналарини шарафлаймиз” ва “Менинг акам – Ватан ҳимоячиси” мавзуларида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш белгиланган.

Бевосита маҳаллаларда, мамлакатимиз мустақиллигини ҳимоя қилиш ва хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг кўрсатган қаҳрамонликларини кенг тарғиб қилиш мақсадида улар истиқомат қилган маҳаллаларда “Қаҳрамонлар номи барҳаёт!” мавзусида давра суҳбатларини ташкил этиш, ҳарбий хизматчилар, маҳаллий аҳоли ва ёшлар ўртасида спортнинг оммавий турлари бўйича спорт мусобақаларини ўтказиш, ҳарбий-ватанпарварлик фестивалларини ташкил этиш ҳамда “Маънавият карвонлари” ташрифини амалга ошириш режалаштирилган.

Мазкур тадбирларда мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросига Ватан ҳимоячилари куни байрамининг аҳамияти, тинчлигимиз ва осойишталигимизни сақлашда, айниқса, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ўрни ва аҳамиятини тушунтириш, шунингдек мазкур тадбирларда фан, маданият ва санъат арбоблари ҳамда спортчилар, кенг жамоатчилик вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва фахрийларнинг фаол иштирок этиши белгиланган.

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон Республикасида
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучлар ташкил этилганлигининг 31 йиллиги байрамини кенг нишонлашга бағишланган тадбирлар” мавзусида ташкил этилган Матбуот анжуманида юқорида таъкидланган масалалар ҳамда ўтказиладиган ташкилий-амалий, ахборот-ташвиқот, ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-маърифий тадбирлар ҳақида маълумотлар берилди.

Анжуман давомида масъул шахслар томонидан Ватан ҳимоячилари кунини муносиб кутиб олиш ва умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш мақсадида ўтказилаётган байрам тадбирларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш учун барча шарт-шароитлар яратилиши, тайёрланаётган мақолалар, теле ва радиодастурларда асосий эътиборни сўнгги йилларда Қуролли Кучларни ислоҳ этиш ва ривожлантириш мобайнида қўлга киритилган ютуқларга, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларида амалга оширилган ишларга қаратиш ҳақида маълумотлар берилди.

Матбуот анжуманида мудофаа вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Отабек Юлдашев, Мудофаа вазирлиги Жанговар тайёргарлик бош бошқармаси бошлиғи Рахматилла Рахмонов, Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Меҳриддин Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Холмурод Салимов  спикер сифатида Республика ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг мавзу бўйича саволларига жавоб бердилар.

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер