Узунда қўлбола 28 минг 585 дона спиртли ичимликларнинг истеъмолга чиқарилишининг олди олинди
Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент
Узун туманида истеъмолга яроқсиз алкогол маҳсулотларини сотиш билан боғлиқ ноқонуний фаолият фош этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Узун тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Б.О. исмли фуқаро томонидан омборхонада ноқонуний сақланаётган спиртли ичимликлар аниқланди.
Ҳуқуқ-тартибот органлари текшируви давомида «Бўстон» маҳалласида жойлашган «Ш.С.» МЧЖга қарашли омборхонада сифатсиз ва истеъмолга яроқсиз 13 турдаги жами 28 минг 585 дона спиртли ичимликлар сақланаётгани маълум бўлди. Ушбу маҳсулотларнинг сифати тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги аниқланган. Маҳсулотларнинг умумий баҳоси 721 миллион сўм экани қайд этилди.
Омборхонада ноқонуний сақланган барча спиртли ичимликлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилди ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур ноқонуний фаолиятнинг олди олинишидан кўзланган асосий мақсад – аҳолининг соғлиғини ҳимоя қилиш, сифатсиз ва ноқонуний маҳсулотларнинг бозорга кириб келишининг олдини олиш ҳамда мамлакатда қонуний иқтисодий муҳитни таъминлашдир. Ҳуқуқ-тартибот органлари спиртли ичимликларнинг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва тарқалишига қарши курашни давом эттиришини маълум қилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг