Уруш фахрийлари доимо эъзозда
Бу йил Ғалабанинг 75 йиллиги. Мазкур сана муносабати билан OʻzLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши жамоаси, депутатлар ҳамда партия фаоллари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонларида бўлиб, уларни Ғалаба байрами билан табриклаб, суронли уруш йилларидаги хотиралари билан ўртоқлашмоқда.
Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Любовь Карташова 1921 йили туғилган. Бу онахоннинг ёшлиги айни уруш йилларига тўғри келди. Аёл боши билан эркаклар билан бир сафда юртимиз озодлиги йўлида мардонавор хизмат қилди. У уруш жанггоҳларида алоқа бўлимида фаолият юритди. Бугун яқинлари ардоғида 99 ёшини қарши олаётган жасорати ўрнак бўладиган онахонни партия фаоллари йўқлаб бордилар.
Фахрий нуроний билан суҳбатлашаркансиз, онахоннинг кўз олдида 0даҳшатли урушнинг қиёфаси гавдаланади. Бугунги кунга шукроналар келтириш асосий мавзу бўлди.
— Бугунгидек нурафшон кунларда яшаш бахтига мушарраф бўлишимизда жанг майдонларида мардларча олишган, юрт шаъни йўлида азиз жонларини таҳликаларга қўйган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳамда фронт орти меҳнаткашларининг хизматлари олдида бир умр таъзимдамиз, — дейди депутат Ф.Мадалиева.
Шунингдек, OʻzLiDePдан сайланган Тошлоқ туман Кенгаши депутатлари Муҳторжон Мелибоев ва Акмалжон Шерматовлар тумандаги Иккинчи жаҳон урушининг тирик афсоналари — Рустам ота Акбаров, Файзулло ота Эминов ҳамда Абар ота Турдалиевларнинг холларидан хабар олдилар.
Халқ депутатлари Учкўприк туман Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам айни кунларда мард ва жасур боболаримизнинг мароқли суҳбатларидан баҳраман бўлиш билан бирга, уларни соғликларини назорат қилиш, кексалик даврларини шодумон ўтказишларига ўз ҳиссаларини қўшаётир. Хусусан, туман Кенгаши депутати Неъматжон Султонов Учкўприк туманнинг Чек қишлоғида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Т.Бўтаев хонадонида бўлиб, отахонни байрам билан табриклади.
OʻzLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши томонидан барчамиз учун қадрли бўлган бу нуронийларимиз холларидан хабар олиш, уларга муносиб турмуш шароитини яратиш каби хайрли ишлар давом этмоқда.
Элёржон ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг