Урганчда Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицей очилди
Фото: “Халқ сўзи”
Энг улуғ ва энг азиз байрамимиз шукуҳи давом этаётган ушбу кунларда Хоразм вилоятида бир қатор янги иншоотлар, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилмоқда. Бугун барча таълим масканларида биринчи қўнғироқ садолари жаранглаб, янги ўқув йили бошланадиган қутлуғ кунда Урганч шаҳридаги яна бир замонавий таълим муассасаси – Жалолиддин Мангуберди номи билан аталувчи ҳарбий-академик лицей илк ўқувчиларини ўз бағрига олди.
Ҳаммамизга маълум, кейинги йилларда мамлакатимиз Қуролли Кучлари учун малакали кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жорий йилнинг 12 июнь санасида Президентимизнинг “Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицейи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ ёшларни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, ҳарбий-ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва жисмоний тайёргарлигини янада ривожлантириш мақсадида Урганч шаҳрида замонавий лойиҳа асосида ҳарбий-академик лицей барпо этилди.
300 ўринли мазкур ўқув масканини қуриш ва жиҳозлаш учун бюджетдан 53,5 млрд. сўм маблағ сарфланган. Бош пудратчи ташкилот – “Чинобод қурилиш” хусусий корхонаси бунёдкорлари объектда қурилиш ишларини юқори суръат ва аъло сифат билан якунлади.
— Энг сўнгги русумдаги ахборот технология ва ўқув лаборатория ускуналари билан жиҳозланган таълим масканида ўқувчи ёшларнинг пухта билим олиб, ҳарбий соҳа сир-асрорларини эгаллашлари учун барча шароитлар яратилган, — дейди лицей директори Ихтиёр Саидов. — Яна бир муҳим жиҳати, Урганч давлат университети ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юрти ушбу лицейга илмий-методик ёрдам кўрсатиш мақсадида бириктирилди. Яқинда шаффоф ва адолатли ўтган танлов натижаларига кўра минглаб талабгорлар орасидан энг тажрибали, етарли малака ва тоифага эга ўқитувчилар ҳамда 150 нафар энг иқтидорли ўқувчилар саралаб олинди.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу лицейнинг раҳбар ва педагог ходимлари, ҳарбий хизматчилари меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича, ўқувчилари эса олий ўқув юртларига киришда “Темурбеклар мактаби” учун белгиланган имтиёзларга эга бўладилар.
— Ушбу лицейда таҳсил олиш учун Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидан келдим, — дейди Рашидбек Жўраев. — Синовлардан муваффақиятли ўтиб, ҳарбий лицейга ўқишга қабул қилиндим. Мақсадим миллий армиямиз сафларида юртимизга садоқат билан хизмат қилиш. Биз ёшлар аждодлар анъаналарини давом эттиришга, буюк бобомиз Жалолиддин Мангубердининг муносиб ворислари бўлиб етишишга сўз берамиз.
Бу даргоҳга Жалолиддин Мангуберди бобомизнинг номи берилиши бежиз эмас, албатта. Чунки, мамлакатимиз ва миллатимиз фахри бўлган жасур саркарданинг ҳаёти, тарихимиздаги ўчмас жасорати ёш авлодларимиз, Ватан ҳимоячилари учун ўзига хос ибрат намунаси бўлиб, уларни мардлик ва матонатга чорлаб туради.
Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг