Уран ишлаб чиқаришда ҳамкорлик кенгаймоқда
Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимиз кончилик саноатининг етакчиларидан бири — «Навоий уран» давлат корхонаси халқаро ҳамкорлик доирасини тобора кенгайтиришга интилмоқда. Корхона бош директори Жамол Файзуллаев бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари айни мақсадларни кўзда тутиб, ташриф давомида Хитой Халқ Республикаси Атом энергетикаси агентлиги ҳамда Хитой Энергетика бошқармаси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди.
— Мулоқотлар давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқалари, жумладан, 2024 йилнинг январь ойида давлатимиз раҳбарининг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикасининг уран йўналиши бўйича йирик корпорациялари ўртасида имзоланган келишувлар муҳокама қилинди, — дейди Жамол Файзуллаев. — Шунингдек, мутахассисларимиз China National Uranium Corporation (CNNC) корпорацияси таркибидаги «BRICEM CNUC» (geologiya) ва «BRIUG CNUC» (texnologiya) илмий марказларида бўлиб, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда татбиқ этилган технологиялар билан танишди.
Хорижий сафар давомида навоийлик кончилар CNNC корпорацияси таркибидаги уран маҳсулотини конверсия қилиш ва бойитиш, атом электр станциялари учун ёқилғи ишлаб чиқариш мажмуалари фаолияти ҳамда корпорацияда қўлланилаётган янги инновацион технологиялар билан ҳам танишди. Корпорация раҳбарияти билан ушбу технологияларни мамлакатимиз уран саноатида жорий қилиш орқали қўшимча қийматли маҳсулот яратиш борасида музокаралар олиб борилди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, «Навоийуран» ДК ҳамда CNNC корпорацияси таркибига кирувчи CNUC компанияси билан республикамизда истиқболли ҳудудларда геология-қидирув ишларини олиб бориш бўйича уч томонлама келишув, уран ва бошқа фойдали элементларни қидириш ҳамда ажратиб олиш бўйича Инновацион илмий-технологик марказни яратиш бўйича меморандум имзоланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг