Уйимизда тунда ҳам “қуёш” чарақлаб туради — Саломат Хўжаева
Фото: “Халқ сўзи”
Навоий вилоятининг Кармана туманидаги Зиёкор маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Саломат Хўжаеванинг хонадонида уч ойдан ошибдики, электр энергияси таъминотида узилишлар йўқ. Боиси ушбу оила апрель ойида мамлакатимиз Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “Қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосидаги “Қуёшли хонадон” дастури бўйича кичик қувватли қуёш панеллари ўрнатиб, муқобил электр энергияси таъминотига эга бўлди.
— Ҳар гал пенсия тушиши билан электр энергияси ва табиий газнинг пулини тўлардим, — дейди С. Хўжаева. — Насиб этса, мана энди ўзим электр энергияси сотаман, ҳар тугул қўшимча даромад ҳам бўлади. Энг муҳими, уйимизда тунда ҳам “қуёш” чарақлаб туради. Бу мўъжизанинг ўзгинаси.
“Зиёкор” маҳалласида 15 га яқин хонадон соҳиби ва соҳибалари Саломат ая каби ушбу янгиликдан миннатдор. Сабаби, бир оила олти кВт қувватли қуёш панелларини ўрнатса, энергия харажатларини тежаш ва ортиқчасини сотиш эвазига кредитни беш-олти йилга қолдирмай ёпиб қўйиши мумкин. Қолган 15 йил эса соф даромад келтиради.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, жорий йил Навоий вилоятида қуввати 77,2 МВт бўлган қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар 345 та ижтимоий соҳа объекти, 420 та тадбиркорлик субъектларида ҳамда 716 та аҳоли хонадонига қуввати 12,6 МВтли қуёш панеллари ўрнатилди. Объектлар сонига нисбатан умумий режанинг 80 фоизи фойдаланишга топширилган.
Хонадонида кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбасидан фойдаланиб келаётган Кармана тумани, “Буюк Ипак йўли” МФЙда яшовчи Улуғбек Йўлдошевнинг таъкидлашича, муқобил энергия беминнат ва қулай экан.
— Шунга қарамай хонадонимизда электр энергиясидан тежаб фойдаланишга ҳаракат қиламиз, —дейди У. Йўлдошев. – Сабаби, тежаб қолинган ортиқча энергияни сотамиз, бу бўйича электр таъминоти корхонаси билан шартномамиз бор.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра юртимизда қуёш энергиясининг салоҳияти 51 миллиард тонна нефть эквивалентига тенгдир. Бу ушбу муқобил энергия манбасидан ишлаб чиқариш ва халқ хўжалиги тармоқлари билан бирга аҳоли хонадонларида фойдаланиш мамлакат иқтисодий барқарорлиги ҳамда ҳудудлар экологияси мусаффолигини таъминлашда кони фойда ҳисобланади.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг