Учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кирган шахсга нисбатан жиноий жавобгарлик ўрнига маъмурий жавобгарликни белгиланиши назарда тутилмоқда 

11:51 28 Ноябрь 2023 Сиёсат
183 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар кун тартибидаги навбатдаги масала — «Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мажлисда қайд этилганидек, учувчисиз учадиган аппаратлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши чекланган товарлар қаторига киради. Уларни республика ҳудудига қонунга хилоф равишда олиб кириш, шунингдек ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, бунда уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга республика ҳудудига учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланишни биринчи марта содир этган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик ўрнига маъмурий жавобгарликни белгиловчи, шунингдек ушбу ҳуқуқбузарликларни такрор содир этганлик учун жиноий жавобгарлик жазо чораларини енгиллаштирувчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш назарда тутилмоқда.

Киритилаётган нормалар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, мамлакатимизга чет эллик туристларнинг кенг жалб этилиши учун қулай шароитларни таъминлаш, шунингдек республикамизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер