Учқўрғонда нима гаплар?

02:39 30 Апрель 2022 Жамият
1100 0

Наманган вилоятининг олис ҳудудларидан саналган Учқўрғон туманига уюштирилган пресс-тур журналист ва блогерларга бу ерда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш йўлидаги тажрибалар билан яқиндан танишиш имконини берди.

Тадбир иштирокчилари тумандаги Соҳил маҳалласида «Ҳар бир оила - тадбиркор» дастури асосида «Учқўрғон форель балиқлари» масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган хўжаликка ташриф буюрди. Бу ерда балиқ етиштириш учун 30 та ҳовуз қуриб битказилиб, бир миллион дона форель балиғи чавоқлари парваришига киришилган. Кооперацияда яқин вақт ичида 100 нафар оиланинг бандлиги таъминланади. Эътиборли жиҳати, лойиҳани амалга ошириш жуда мураккаб иш эмас, асосан чучук ва кислородга тўйинган сувларда яшайдиган, совуқсевар ушбу балиқ турларини етиштириш учун корхона ҳовузларига сув Норин дарёсидан қуйилади ва айланма оқим билан яна дарёнинг ўзига қайтади.

ОАВ вакиллари тадбиркор Дилшод Отамирзаев томонидан рўёбга чиқарилаётган ушбу лойиҳа ижросидан кутилаётган натижалар билан қизиқдилар. Парваришлаш учун фуқароларга тақсимлаб берилган ҳовузларда кўпи билан 6-7 ой ичида 200 тоннадан кўпроқ маҳсулот етиштирилади. Уни қайта ишлаш мақсадида замонавий лаборатория, ихтисослаштирилган цех ва музлатгичли омборхона ҳам барпо этилади. Эътиборли жиҳати, Учқўрғон форелларини ташқи бозорга чиқариш ва йилига 700-800 минг АҚШ долларига тенг экспорт амалиётларини бажариш режалаштирилган.

Қулупнайчилик – туман аграр соҳасининг ўсиш драйверларидан бирига айланган. Мамлакат истеъмол бозорига очиқ далада етиштирилган ушбу неъматни биринчи бўлиб етказиб бераётган ҳам учқўрғонликлар. Юқори даромад манбаи бўлган бу экин эндиликда хонадонлардан чиқиб, томорқа ва фермер хўжаликларида ҳам оммалашмоқда. Журналист ва блогерлар қулупнайзорларда бўлиб, тотли мевани ўз қўллари билан тердилар.

— Машҳур Учқўрғон қулупнайзорларию балиқчилик йўналишидаги янгиликлар билан танишиб қайтсак керак, деб ўйлагандим,— дейди медиа тур иштирокчиси Дониёр Юсуф. — Лекин биз ўйлагандек бўлмади, ҳар бир журналистга ўзи танлаган ҳудудга бориб ўша жой билан танишиб, ёритиш имкони берилди. Мен туманнинг энг чекка маҳалласи бўлган «Ёрқинбойчек» ка бордим. Бу қишлоқнинг фаол ёшлари ҳар куни бир ташаббус билан чиқаётгани ҳақида эшитгандим. Улар имкониятлар, шароитлар марказлар учун деб ўтирмасдан ўзлари ана шу имкониятни қишлоқда яратишаётгани рост экан. Қишлоқ марказида хусусий тадбиркорга тегишли бўш турган икки қаватли бинони фақатгина солиғини тўлаш эвазига олган йигит-қизлар бу ерда шуғулланиш учун фитнес зали, ўқув маркази ва мўъжазгина кутубхона ташкил қилишибди. Маҳалланинг ёшлар етакчиси Ҳусниддин Абдуқаҳҳоровнинг саъй-ҳаракатлари қувватланиб, вилоят ҳокими томонидан 500 дан зиёд китоб, фитнес зали учун янги спорт анжомлари, туман ҳокимлиги томонидан эса ўқув маркази учун жиҳозлар совға қилинибди.

Пресс-тур чоғида Учқўрғон ва учқўрғонликлар ҳаёти билан боғлиқ бошқа эътиборга молик манзаралар, тажриба ва ташаббуслар, фуқаролар фаоллиги журналист ва блогерларда катта таассурот қолдирди, ёзилажак медиа маҳсулотлар учун зарур маълумотлар тўпланди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер