Учкўприкда 3 та таълим муассасасида замонавий шароитлар муҳайё этилди

10:36 24 Март 2026 Жамият
247 0

Учкўприк туманида баркамол авлод орзуси йўлидаги изчил саъй-ҳаракатлар самараси сифатида кейинги йилларда ўнлаб таълим муассасаларида жаҳон андозалари даражасида шароитлар яратилди.

Айни кунларда туманда замонавий мезонлар асосида таъмирланган ва қўшимча бинолар бунёд этилган яна 2 та мактаб ва 1 та боғча фойдаланишга топширилди. Хусусан, туманнинг «Катта қўштепа» МФЙда жойлашган 20-умумтаълим мактабининг 660 ўринли янги биноси қуриб битказилиб, ишга туширилди.

Билим даргоҳининг ўқув биноси 820 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда бу ерда 1,5 минг нафардан зиёд ўғил-қизлар ўқиётган эди. Мактабда бундан буён келажагимиз ворислари мукаммал таълим-тарбия олиши учун барча қулайликлар мавжуд.

«Тўқсонқовун» МФЙ ҳудудидаги 35-умумтаълим мактаби ўқувчилари учун қуриб битказилган уч қаватли – 420 ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси фойдаланишга топширилгани ҳам ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди. Инвестиция дастури доирасида эзгу мақсад ижобати учун 7 миллиард 200 миллион сўм маблағ сарфланди. Ўз навбатида мактабнинг 340 ўринли ўқув биносида ҳам мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, замонавий кўринишга келтирилди.

Мактаб ҳудудида барпо этилган мини-стадион ҳам ўқувчиларнинг жисмоний баркамоллиги учун хизмат қилиши мақсад қилинган.

— «Яккамулла» МФЙда эса бундан 60 йил олдин ишга туширилиб, яроқсиз аҳволга тушган 35-сонли мактабгача таълим ташкилоти учун 120 ўринли янги бино фойдаланишга топширилгани ҳам қувончли воқеа бўлди, — дейди Учкўприк тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Дилафруз Аюпова. — Инвестиция дастури асосида қурилиш-бунёдкорлик ишлари учун давлат бюджетидан 7,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Айтиш жоиз, тумандаги «Боғибўстон» маҳалласида 3 та кўп қаватли уйлар битказилиб, янги эгаларига топширилди. Натижада қарийб 170 оила Наврўз байрамини янги уйда кутиб олди. Айни кунларда туман ҳудудида жойлашган «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси ва кичик саноат зоналарида ҳам яна 10 дан ортиқ янги корхоналар ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер