“У шунчаки зерикди” – Трамп Эронга қарши урушни тугатишга қарор қилди
Иллюстратив фото
АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга қарши ҳарбий операцияни тугатишга тайёр, чунки можаро чўзилиб, режалаштирилган тўрт-олти ҳафтадан ошиб кетиши мумкин. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” нашри Оқ уйдаги манбаларга таяниб хабар тарқатди.
Нашрнинг ёзишича, Трамп ўз ёрдамчиларига Ҳўрмуз бўғозини кемалар учун ёпиқ ҳолда қолдириш орқали Эронга қарши “Эпик ғазаб” операциясини тугатишга тайёрлиги ҳақида маълум қилган. Оқ уйнинг юқори лавозимли амалдори Трамп “Эрондан бироз зерикканини” ва олдинга ҳаракат қилишда давом этиш ниятида эканлигини айтган. Бироқ, бу фонда АҚШ Яқин Шарқдаги ҳарбийлари сонини оширмоқда.
“Сўнгги кунларда Трамп ва унинг ёрдамчилари бўғозни очишга уриниш можарони унинг тўрт-олти ҳафталик режасидан ташқарига чўзиши мумкин, деган хулосага келишган”, – дея ёзади нашр.
Оқ уйга кўра, Вашингтон энди ўзининг асосий мақсадларига эришиши керак: Эроннинг денгиз флоти ва ракета захираларини заифлаштириш, ҳарбий ҳаракатларни чеклаш ва бир вақтнинг ўзида Теҳронга эркин савдо оқимини тиклаш учун дипломатик босим ўтказиш.
“Агар бу муваффақиятсиз бўлса, Вашингтон Европа ва Форс кўрфазидаги иттифоқчиларидан бўғозни қайта очишда ташаббусни қўлга олишни талаб қилади”, – дея таъкидлаган нашр манбалари.
Нашр бундай позиция Эроннинг Ҳўрмуз бўғози устидан назоратини кучайтириши ва уни қайта очиш бўйича “мураккаб операция”ни кейинга қолдириши мумкинлигига ишонади. Бироқ, АҚШ президенти ҳарбий вариантларни ҳам кўриб чиқиши мумкин, аммо манбаларнинг таъкидлашича, улар унинг учун устувор эмас.
Бир кун олдин, Оқ уй матбуот котиби Керолин Ливитт Вашингтон 6 апрелгача Теҳрон билан келишувга эришишини кутаётганини эълон қилди. Агар бу келишув рад этилса, Трамп Эронга “жаҳаннамни юбориши” ҳақида огоҳлантирган.
Шунга қарамай АҚШ Яқин Шарққа қарийб 3500 денгиз пиёдалари ва денгизчилари, шунингдек, транспорт ва зарба берувчи қирувчи самолётлар, ҳаво ҳужуми самолётлари ва тактик воситаларини олиб келган. “The New York Times” газетасининг хабар беришича, айни пайтга келиб Яқин Шарқдаги АҚШ қўшинлари сони 50 000 нафардан ошган. Шу фонда Трамп “Эрондаги нефтни эгаллаб олишни” хоҳлаётганини ва республиканинг энг йирик нефть терминали жойлашган Харг оролини назорат қилишни қўлга киритиши мумкинлигини айтди.
“The Washington Post” газетасининг хабар беришича, АҚШ Эронга қарши қуруқликдаги операцияга тайёргарлик кўрмоқда. Бу “бир неча ҳафта” ёки “бир неча ой” давом этиши мумкин. Нашр манбаларининг таъкидлашича, режалар Харг оролини эгаллаб олиш ва Ҳўрмуз бўғози қирғоғида рейдлар ўтказишни ўз ичига олади. Бироқ, бу масалада Трампнинг розилиги олинган ёки йўқлиги ҳозирча номаълум.
MS NOW нашри АҚШ Мудофаа вазирлиги ўз қўшинларини Яқин Шарққа Трампнинг урушда “аллақачон ғалаба қозонган” деган “қарама-қарши ва реал бўлмаган” баёнотлари фонида жойлаштираётганини таъкидлади. Оқ уйнинг юқори лавозимли амалдорларидан бири бундай риторика АҚШ раҳбарининг “шунчаки ғалабани эълон қилиш ва олдинга силжиш” истагидан келиб чиқишини аниқлади.
“Трамп Эрондан бироз зерикди. Гап шундаки, у бундан афсусланмайди – у шунчаки зерикди ва олдинга ҳаракат қилишни хоҳлайди”, – деган манба нашрга.
Бошқа бир амалдор Трамп можародан “узоқлаша” бошлаганини таъкидлади. Оқ уй раҳбари суҳбатлари ва шахсий манфаатларини иқтисодиёт, ички муаммолар ва яқинлашиб келаётган оралиқ сайловларга қаратади, дея қўшимча қилди у.
Ўз навбатида, Axios портали журналистлари март ойининг бошидан бери Трамп Эронга қарши операцияни тезда тугатиш эҳтимоли ҳақида 12 марта ишора қилаётганини ҳисоблаб чиққан.
АҚШ Исроил билан биргаликда 28 февраль куни Эронга қарши ҳарбий операция бошлади. Исроил бош вазири Бенямин Нетаньяҳу икки томон Теҳроннинг ядровий ривожланиши келтириб чиқарадиган “мавжудлик таҳдиди”ни зарарсизлантириш ниятида эканлигини тушунтирди. Бунга жавобан Эрон Исроил ва Яқин Шарқдаги АҚШ базаларига ҳужумлар бошлади.
АҚШ билан музокара олиб борилмаяпти – Эрон элчиси
АҚШ ва Исроилнинг Эронга бошлаган урушига бир ойдан ошди. Кескинлик давом этар экан, Эрон Ислом Республикасининг Тошкентдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Муҳаммадали Искандарий иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда маълум қилинишича, 28 мартга қадар бўлган даврда мамлакатда 281 нафар мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари ҳалок бўлган, тан жароҳати бўлган хотин-қизларнинг сони эса 4 минг нафарга етган.
Шунингдек, бир ой мобайнида 93 233 та ноҳарбий объект, 600 та мактаб ва бошқа таълим муассасаси, 370 та шифохона ва шошилинч тиббий ёрдам маркази вайрон қилинган, 43 та шошилинч тиббий ёрдам машинасига жиддий зарар етган.
Шунингдек, Эрон ва АҚШ ўртасида хабарлар алмашинуви борлиги маълум қилинди.
“Сўнгги кунларда АҚШ томонидан айрим дўст давлатлар орқали урушни тўхтатиш учун музокараларни бошлаш илтимоси билан мурожаатлар етказилди. Шунга қарамасдан бизнинг давлатимиз ўзининг принципиал позициясидан келиб чиқиб, керакли тарзда ушбу мурожаатларга жавоб берди. Ушбу жавобларда жиддий тарзда огоҳлантирилдики, Эроннинг ҳаётий аҳамиятга эга бўлган инфратузилма иншоотларига бўлган ҳар қандай ҳужум оғир оқибатларга олиб келади. Хусусан, таъкидландики, энергетика объектларига бўлган ҳар қандай ҳужум Эрон ҳарбий кучларининг қатъий, тез ва таъсирчан реакциясига сабаб бўлади. Шунингдек, аниқлик киритиб ўтамизки, ушбу тиқиштирилган уруш бошланганидан шу кунга қадар АҚШ билан ҳеч қандай музокара ёки мулоқот амалга оширилган эмас”, – дейилади элчихона баёнотида.
Шу билан бирга элчи Ҳўрмуз бўғози кемалар учун очиқлигини, фақат АҚШ ва Исроилга тегишли кемаларга чеклов борлигини маълум қилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг