У кунлар ҳеч кимнинг бошига тушмасин

11:26 02 Май 2018 Жамият
2159 0
Фото: sputniknews-uz.com

Дўстлик, биродарлик ҳақида сўз кетса, Иккинчи жаҳон урушининг суронли йиллари ёдимга тушади. Мен унга салкам ўн тўққиз ёшимда Украина тупроғида рўбарў келганман. 1944 йил оғир яраланиб, ортга қайтгунча, уч йил турли миллат ва элат вакиллари билан жанггоҳларда жон олиб, жон бердик.

Тилимиз, динимиз турлича бўлса-да, ягона мақсад бизни ўз атрофига бирлаштирган эди. Кейинчалик ҳам ўша дўстларим билан узоқ йиллар хат-хабар алмашиб турдик.

Ҳеч қачон эсимдан чиқмайди: 1944 йили мина парчаси чап билагимнинг ярмини юлиб кетди. Кўп қон йўқотдим, дала госпитали жойлашган қишлоқ аҳолиси катта инсонийлик кўрсатиб, менга қон беришди. То оёққа тургунимча ҳолимдан хабар олишди...

Фронтдан қайтиб, она-қишлоғимда эллик йил болаларга тарих фанидан дарс бердим. Олис ўлкаларга фронт орти ёрдамини жўнатган юртдошларимиз матонати, ўзи тўйиб емай, бир тишлам нонини жанг майдонларидагилар билан баҳам кўрган халқимиз жасорати ҳақида ёшларга кўп бор ҳикоя қилганман. Жумладан, 14 нафар турли миллат вакилларидан иборат гўдакларни ўз бағрига олган Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласини мисол қилиб келтирганман. Улар шарафига пойтахтимиз марказида тикланган ҳайкал ва ушбу майдоннинг “Халқлар дўстлиги” деб аталишини эзгуликка азалий эҳтиром тимсоли, дея таърифлардим.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур ҳайкални ўз ўрнига қайтариш ҳамда метро бекати ва санъат саройининг  дастлабки номини тиклаш тўғрисидаги топшириқларини биз, уруш фахрийлари катта мамнуният билан қабул қилдик. Зеро, дўстлик ва биродарлик Ер юзини фашизм деган бало чангалидан озод қилган эди.

Турсунқул ЭРГАШЕВ,
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.

Нурота тумани
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер