Туркманистоннинг етакчи янгиликлар портали Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар ҳақида ёзди
Туркманистоннинг етакчи “ORIENT” янгиликлар порталида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди.
Мамлакатимиз ҳаётига бағишланган материаллардан бирида Ўзбекистон Афғонистон орқали Покистонга транзит юк ташишни кенгайтириш ниятида экани маълум қилинган. “Ўзбекистон делегациясининг Афғонистонда бўлиши чоғида Афғонистон ва Покистон орқали Ҳинд океани портларига чиқиш учун халқаро транспорт йўлагини шакллантириш, икки давлатнинг транспорт логистика корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро автомобиль ташувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди”, — дейилади мақолада.
Бундан ташқари, туркман электрон нашри Ўзбекистон жорий йилнинг январь ойидан июль ойигача 7,3 мингта электромобиль импорт қилгани ҳақидаги маълумотни ўз муштарийлари ўртасида тарқатди. “Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб олти баробар кўпдир, — қайд этади манба. — Хитой электр транспорт воситаларининг асосий етказиб берувчиси бўлиб қолмоқда”.
“ORIENT” янгиликлар портали, шунингдек, Ўзбекистон транспорт вазирининг ўринбосари Илҳомжон Абдуғофоровнинг Жаҳон банки ва ЙТТБ координаторлари билан учрашуви ҳақидаги хабарни ҳам ўз платформасида жойлаштирди. “Мулоқот чоғида Тошкент – Самарқанд ва Тошкент – Андижон автомобиль йўлларини ДХШ асосида қуриш лойиҳалари бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда пуллик йўллар бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди”, -деб таъкидланган ахборотда.
Бундан ташқари, мазкур нашрда Остона шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон энергетика ҳамда сув хўжалиги идоралари вакилларининг учрашуви бўлиб ўтгани, унда сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилингани қаламга олинган.
“Учрашувда яқинлашиб келаётган куз-қиш мавсумида электр энергияси етказиб бериш истиқболлари ҳамда бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари хусусида фикр алмашилди. Бир қатор ўзаро келишувларга эришилди, етказиб бериш ҳажмлари ва муддатлари белгиланди”,- деб ёзган “ORIENT”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг