Туркиядаги зилзиладан 205 соат ўтиб вайроналар остидан аёл киши қутқариб олинди

20:29 14 Февраль 2023 Дунё
1022 0

Фото: Reuters

Туркияда даҳшатли зилзиладан 205 соат ўтиб, Қаҳраманмараш вилоятида 35 ёшли аёл вайроналар остидан қутқариб олинди. Бу ҳақда «Анадолу» ахборот агентлиги хабар берди.

Бунгача зилзиладан 204 соат ўтиб Хатай вилоятининг Антакя туманида бошқа бир аёл қутқариб олингани хабар қилинган эди. Муна Дабул исмли бу аёл хориж мамлакати фуқароси ҳисобланади.

Бундан ташқари, Туркиянинг Ҳатай вилоятида вайроналар остидан бир киши зилзиладан 203 соат ўтиб олиб чиқилган. Жабрайил шаҳридаги биринчи зилзиладан 201 соат ўтиб, 26 ёшли аёл тирик ҳолда топилди.

Олдинроқ, "TRT Haber" телеканали жонли эфирида Туркиянинг Адияман вилоятида қутқарувчилар ер силкинишидан 197 соатдан кейин 18 ёшли ўсмирни тирик ҳолда топгани маълум қилган эди. 

Қайд этилишича, қидирув-қутқарув операциясида қатнашаётган қутқарувчилар Муҳаммаднинг овозини олти қаватли бино вайроналари остидан эшитган. Улар бир неча соат давомида бетон плиталар орқали йўл очишиб, йигитни вайроналар остидан олиб чиқишган.

Шу йилнинг 6 февраль куни Туркияда 7,7 ва 7,6 магнитудали бир неча зилзила содир бўлди. Охирги маълумотларга кўра, мамлакатда содир бўлган ер силкинишлари оқибатида 31974 киши ҳалок бўлган, 195962 киши жароҳатланган.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг маълум қилишича, қутқарувчилар тўққиз кун ичида вайроналар остидан 8 мингдан ортиқ одамни олиб чиқишга муваффақ бўлишган. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер