Туркия парламенти депутати Фарғонадаги янгиланишларга юксак баҳо берди
Фото: “Халқ сўзи”
Туркия Буюк Миллат Мажлиси (парламенти) депутати, Туркия собиқ ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушоғлу мамлакатимизга ташрифи доирасида Фарғона вилоятида ҳам бўлиб, вилоятда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ҳаётбахш ислоҳотлар билан танишди.

Туркия парламенти депутатига вилоятга сафари давомида Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби ўринбосари Ўмер Кожаман, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов ҳамроҳлик қилдилар.

Меҳмонлар дастлаб Марғилон шаҳрида жойлашган “Ёдгорлик” корхонаси фаолияти билан танишиб, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларининг тайёрланиш жараёнини кўздан кечирди. Шунингдек, Фарғона шаҳрида бунёд этилаётган Экошаҳар билан танишув ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Замонавий шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида қад ростлаётган 300 гектар майдонда жойлашган янги шаҳарчада 70 гектарлик “Янги Ўзбекистон” боғи, 7-25 қаватли 300 та кўп қаватли уй ва ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлар учун кичик саноат зонаси барпо этилмоқда. Ўз навбатида туркиялик меҳмон вилоятдаги хусусий тиббиёт олий таълим муассасаси ва бу ерда талабалар учун яратилган илмий-амалий, диагностика лабораторияларида юзма-юз мулоқотлар ўтказди.

Ташриф режасига кўра, Туркия парламенти депутати Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров билан учрашди. Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар туфайли сўнгги йилларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, хусусан, ҳудудлараро кенг қамровли муносабатларни яхшилаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг