Туризм халқлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди
Ҳаётда саёҳатни хушламайдиган инсон жуда кам. Шу боис туризмга бутун дунёда энг истиқболли соҳалардан бири сифатида қаралади. Умуман олганда, туризм ҳар бир мамлакат иқтисодиётида алоҳида ўринга эга бўлиб, миллионлаб инсонларнинг тирикчилигини таъминлайди. Халқлар ўртасида бирдамлик ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантиради.
Бугун Ўзбекистонда сайёҳлик тармоғини тараққий эттиришга қаратилган ишлар соҳа учун замонавий билимларга эга кадрлар тайёрлаш билан бирга кечмоқда. Бу борада тўпланган тажриба афғонистонлик ёшларни соҳа учун мутахассис сифатида тайёрлашда ҳам қўл келяпти.
Қўшни мамлакат Афғонистон тарихий-археологик нодир меъморий ёдгорликларга бой. Бу тарихий обидалар бутун дунё олимлари қизиқиши остидадир. Ваҳоланки, минг йиллаб тарихни ўзида сақлаган бу туристик қадамжолар ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатида ўз ўрнига эга бўлса, ажаб эмас. Шу боис уларнинг тарихий, туристик гўзаллигини дунё ҳамжамиятига очиб беришда ўлка олимлари, ёшларининг саъй-ҳаракати катта роль ўйнайди.
Афғонистонлик ёшларнинг турли соҳаларга оид замонавий билимларни эгаллашида Ўзбекистон муҳим ўрин тутиб келмоқда. Президентимиз ташаббуси билан Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида бу борада уларга қулай шароитлар яратилган.
Марказда гуманитар, педагогик ва муҳандислик-техник йўналишларда олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурлари бўйича кадрларни тайёрлаш, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш йўлга қўйилган. Айтиш жоизки, мазкур маълим марказида қўшни давлат ёшлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Жумладан, бу ерда ўқув биносидан ташқари 150 ўринли қишги ва 224 ўринли ёзги ошхона, 200 ўринли фаоллар зали, замонавий кутубхона, талабалар турар жойи ва барча спорт турларига мўлжалланган ўйингоҳлар мавжуд. Ахборот ресурс маркази электрон адабиётлар ва дарслик билан таъминланган, интернет тармоғи орқали бошқа кутубхоналар фондидан фойдаланиш имконияти яратилган.
Марказда бир нечта таълим йўналишларида Афғонистон фуқароларига муваффақиятли таълим бериб келинмоқда. Жумладан, талабалар ўзбек тили ва адабиёти, ерусти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси, информатика, ахборот технологиялари, енгил саноат, агробизнес, ҳайдовчилик, тикувчилик ҳамда бошқа қатор йўналишларда билим ва салоҳиятларини бойитмоқда.
Марказда туризм йўналиши очилиб, бу борада таълимни жорий этишда Самарқанд туризм ва маданий мерос техникуми танланди. 2022 йилдан буён талабаларга туризмнинг кириш фанлари, маркетинг, туроператорлик фаолиятини ташкил этиш, турагентлик хизматларини йўлга қўйиш бўйича дарс машғулотлари ўтказилмоқда. Ўз ўрнида, амалий дарс жараёнлари Термиз шаҳридаги меҳмонхоналар, ресторан комплексларида ташкил этиляпти. Шунингдек, талабалар амалиётини ўзлари танлаган туризм саноати объектларида ҳам ўтаётир.
Таълим тизимида эришилаётган бундай муваффақиятлар, шубҳасиз, икки қўшни давлат ўртасида ўзаро дўстлик, биродарлик, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда йўлга қўйилган ҳамкорлик мевасидир. Сайёҳликнинг янада ривожлантирилиши, соҳага малакали кадрларнинг тайёрланиши мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янги йўналишлар билан бойитишига ишончимиз комил. Зеро, туризм халқлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди.
Зуҳра БEРДИБОЕВА,
Самарқанд туризм ва маданий мeрос тeхникуми ўқитувчиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг