Туман ва шаҳар ҳокими ҳафтада бир кунни, албатта, мактабга бағишлаши керак — Президент
Фото: president.uz
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида жойларда раҳбарларнинг таълим-тарбияга эътибори хусусида ҳам тўхталиб ўтди.
"Хабарингиз бор, бир йил олдин ўтказилган селектор йиғилишида халқ таълимини ривожлантиришни умуммиллий мақсад, умумхалқ ҳаракати сифатида белгилаб олган эдик. Ушбу ҳаракат доирасида барча поғонадаги раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари мактабларни оталиққа олган эди. Шундан сўнг ҳокимларимиз “урра-уррачилик” билан бир муддат мактабга киргандек бўлди, буни “ойнаи жаҳон”да намойиш ҳам қилди. Лекин шу билан тамом – мактаб эсимиздан чиқди.
Такрор айтаман, бугун мактабга кирмаган, мактабнинг, ёш авлоднинг дарду ташвишлари билан яшамаган раҳбарни эртага ҳаётнинг ўзи қабул қилмайди.
Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам институционал ислоҳотлар олиб борилмоқда. Энди ҳокимлар иш вақтининг фақат 10-15 фоизини қишлоқ хўжалиги соҳасига сарфлайдиган шароит вужудга келмоқда. Қолган вақтда улар ижтимоий масалалар, аввало, таълим-тарбия, маънавият билан бевосита шуғулланишлари лозим.
Мана, ҳар бир ҳоким ёки унинг ўринбосарлари ҳамма фермерларни номма-ном билади. Лекин мактаб директорларини, илғор синф раҳбарларини, фаол ўқитувчиларни-чи? Бугун бу борада қайси ҳокимни ибрат, намуна қилиб кўрсата оламиз? Афсуски, жавоб йўқ.
Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокими ҳафтада бир кунни, албатта, мактабга бағишлаши керак.
Мактаб муаммосига биринчи даражали масала деб қарашимиз лозим. Мактаб – фақатгина таълим берадиган маскан эмас, барчамиз учун юксак маънавият бешигига, фарзандларимизни болаликдан бошлаб касбга ўргатувчи даргоҳга айланиши зарур", деди давлатимиз раҳбари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг