Тожикистонда президентликка номзодлар сони яна биттага кўпайди
Кеча Тожикистон демократик партиясининг навбатдан ташқари қурултойи бўлиб ўтди. Унда партия ўз етакчиси Саиджаъфар Усмонзодани республика президентлигига номзод сифатида илгари сурди. Бу ҳақда Asia-Plus хабар берди.
С.Усмонзода 2013 йилги сайловда ҳам иштирок этиб, 1,02 фоиз овоз тўплаган эди.
У 2015 ва 2020 йилги парламент сайловларида эса парламент депутати этиб сайланган.
Шундай қилиб Тожикистондаги 7 та сиёсий партиянинг 3 таси президентлик учун ўз номзодларини кўрсатиб бўлди — аграр партиядан Рустам Латифзода, социалистлар партиясидан Абдуҳалим Ғаффоров ва демократлардан Саиджаъфар Усмонзода.
Тожикистон коммунистлар партияси ва халқ партияси ўз номзодларини сентябрь ойи бошида илгари суришлари кутиляпти.
Мухолифатдаги социал-демократлар партияси эса ҳали ўз съезди муддатини маълум қилмади. Унинг раиси Раҳматилло Зойиров яқинда партиянинг шаҳар ва туманлардаги ячейкалари социал-демократлар президент сайловида қатнашишига қарши чиқаётганини айтиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда президент сайлови 2020 йил 11 октябрь ташкил этилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг