Тожикистон элчиси - Фарғонада

18:11 08 Февраль 2023 Жамият
803 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзодани қабул қилди.

Самимий мулоқотда Фарғона вилояти ҳамда Тожикистон ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда ўзаро тадбиркорлик кўламини кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалигининг пахтачилик, пиллачилик ва боғдорчилик тармоқлари, туризм ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни янги босқичга кўтариш бўйича фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, 2021 йили Фарғона ва Сўғд вилоятлари ўртасида имзоланган савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган «Йўл харитаси», Фарғона вилояти делегациясининг 2022 йил 8-9 сентябрь кунлари Тожикистоннинг Сўғд вилоятига ташрифи ҳамда бу борада имзоланган келишувлар ҳудудлараро ҳамкорликни жадаллаштиришга замин яратди. Шунингдек, Бешариқ туманининг Тожикистон билан чегара ҳудудида жойлашган «Андархон» назорат-ўтказиш пункти ёнида яқин кунларда қурилиш ишлари бошланадиган эркин савдо зонаси икки томонлама улгуржи ва чакана савдони ривожлантиришда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Мулоқотда қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, икки қардош юрт театрларининг ўзаро гастролларини ташкил этиш, Душанбеда бўлиб ўтадиган олий таълим муассасалари халқаро форумида Фарғона вилояти ОТМлари ректорлари иштирокини таъминлаш, зиёрат ва тиббий туризм йўналишларида ҳамкорлик қилиш борасида қатор эзгу ташаббуслар илгари сурилди.

Ўз навбатида жорий йилда Фарғона вилояти ҳамда Тожикистоннинг Хатлон вилояти ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ҳам келишиб олинди.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер