Тошкентдаги савдо марказида фаррош аёл лифт тошлари босиб қолиши оқибатида вафот этди

22:20 03 Февраль 2025 Жамият
489 0

Иллюстратив фото

Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги савдо мажмуасида фаррош аёл лифт тошлари босиб қолиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда «Халқ сўзи»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Билдирилишича, ҳодиса бугун, 3 февраль куни соат 11:10 да Олмазор туманида жойлашган «Riviera» савдо марказида содир бўлган. 45 ёшли фаррош аёл лифтни ҳаракатланиш шахтасидаги шиша ойналарни тозалаётганида лифт эшиклари ёпилиб, тепага ҳаракатлана бошлаган. Бу вақтда лифтни ҳаракатга келтирувчи қисми бўлган тошлар пастга, яъни аёл турган жойга қараб тушиб, уни қисиб қолган. Оқибатда аёл вафот этган.

Воқеа жойига тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиқишган. Воқеа жойи кўздан кечирилиб, воқеа тасвирланган видеоёзувлар баённома асосида олинган, аёлнинг вафот этганлиги ҳолати бўйича суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Бош прокуратурага кўра, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер