Тошкентда яширин нарколаборатория фош этилди
Тошкент шаҳрида махсус тезкор гуруҳ томонидан ўтказилган тадбир натижасида яширин нарколаборатория фош этилди. Тезкор кузатув остида бўлган шахснинг Юнусобод туманидаги ижарага олинган хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда кучли таъсир қилувчи моддаларни тайёрлашга мўлжалланган лаборатория ташкил қилингани аниқланди.
Тергов давомида ушбу шахсга алоқадор Учтепа тумани ва Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги яна иккита хонадон ҳам текширилди. Бу жойларда «прегабалин», «тропикамид», «трилон» каби кучли таъсир қилувчи моддалар, шунингдек, уларни тайёрлаш учун прекурсорлар, қайта ишлаш ва тақсимлашга мўлжалланган махсус жиҳозлар борлиги аниқланди. Лабораторияда тарози, колба, миксер, дориларни солиш учун пластик идишлар каби кимёвий воситалар ҳам топилди.
Кенг қамровли тезкор тадбирлар натижасида яширин лабораториядан жами 19 кг 225 гр «прегабалин», 2 кг 960 гр «тропикамид», 1,2 кг «трилон» моддаси, шунингдек, 20 литр хлорид кислотаси, 19 номдаги 1746 дона лаборатория ускуна ва жиҳозлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тегишли органлар томонидан чуқур тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Яширин нарколабораториянинг фаолияти ва унга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш мақсадида қўшимча текширувлар давом этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг