Тошкентда Ўзбекистон мева-сабзавот саноати вакилларининг I Форуми ташкил этилди
Фото: Иллюстратив фото
Тошкентда илм-фан ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлиги бўйича амалга ошириладиган режа дастурлар бўйича Ўзбекистон мева-сабзавот саноати вакилларининг I Форуми ташкил этилди.
Ўзбекистонда йилига 21 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилади. Лекин, уларнинг бор-йўғи 1,5 миллион тоннаси экспорт қилинади.
2021 йил Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотларининг халқаро савдосидаги жуда муҳим ва узоқ кутилган тенденция қайд этилган бўлиб, музлатилган сабзавот ва мевалар экспорти ҳажми 2020 йилга нисбатан икки баробардан зиёдроқ ошган. Бундан ташқари, музлатилган мевалар экспорти таркибида юқорироқ нарх тоифасидаги маҳсулотлар томон силжиш кузатилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2021 йилда Ўзбекистон 9,3 миллион долларлик 12,1 минг тонна музлатилган сабзавот экспорт қилган. Бу 2020 йилга нисбатан жисмоний жиҳатдан 2 баробар, экспорт тушумлари бўйича эса 2,3 баробар кўп кўрсаткич ҳисобланади.
Музлатилган мевалар эса, ушбу тоифадаги маҳсулотлар экспорти ҳажми 7,6 миллион долларлик 5,8 минг тоннани ташкил этган, бу эса ўтган йилга нисбатан жисмоний жиҳатдан 2,1 баробар, тушум миқдори бўйича эса 2020 йилги кўрсаткичлардан 2,5 баробар кўп деганидир.
Ҳукумат томонидан 2030 йилгача белгиланган “Ривожланиш стратегияси” доирасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилишда мева-сабзавотчилик Ассоциациялари, илм-фан ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлиги бўйича амалга ошириладиган режа дастурлар бўйича Ўзбекистон мева-сабзавот саноати вакилларининг I Форуми ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи комиссияси кўмагида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган Annexure FS ва Kleffmann компаниялари форумда иштирок этиши белгиланган.
Форумда халқаро экспертлар, маслаҳатчилар, тегишли ассоциациялар, корхоналар, идора ва ташкилотлар вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мазкур Форум “Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик маркетинги бўйича техник кўмак” лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда. Форум Ўзбекистон ва хорижий давлатлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва бизнес тузилмалар ўртасида тажриба алмашиш учун ўзига хос платформа бўлиб хизмат қилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг