Тошкентда оилавий қадриятларни улуғловчи мурал пайдо бўлди
Раҳматжон БОБОЖОНОВ/«Халқ сўзи». Илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш «Зиё Форум» фонди жамиятнинг маънавий ва маданий қадриятларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.
Яқинда Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги кўмаги билан «Зиё Форум» фонди ва «BI Group» қурилиш холдинг ҳамкорлигида янги мурал яратилди.
Мазкур санъат асари шаҳарни безаш билан бирга оиланинг бебаҳо ўрни, авлодлар давомийлиги ва қадриятларнинг аҳамиятини эслатиб турувчи рамзий ифода, десак, муболаға эмас. Унда оилавий боғлиқликнинг самимий лаҳзаси — ёш аёлнинг меҳр ва илиқ табассум билан стулда турган кичкина қизига қараётгани тасвирланган. Унда қизалоқ гўё онасига уй ишларида ёрдам беришга ҳозирлик кўраётгандек туюлади, бу эса меҳнат, муҳаббат ва ҳурмат рамзидир.
Асосийси, ушбу композиция уй илиқлиги, самимият ва оилавий муносабатларнинг нафис уйғунлигини ўзи акс эттирган бўлиб, унда шарқона нақшлар замонавий деталлар билан бирлашган, бу эса ўтмиш ва бугуннинг уйғунлигини ҳам ифодалайди.
Умуман олганда, бу манзарага қараган ҳар бир инсон уни кутаётган уйи, меҳрибон яқинларини ўйлайди, ҳақиқий бахт оддий, аммо самимий лаҳзаларда эканини эслайди. Шаҳримизни безаган бу расм оила — бизнинг таянчимиз ва нуримиз эканини ёдга солиб туришига шубҳа йўқ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг