Тошкентда космик технологиялар халқаро конференцияси «STC 2023» ва «Youth Space Forum» бўлиб ўтади

13:27 04 Апрель 2023 Сиёсат
1042 0

Фото: Иллюстратив фото

2023 йилнинг 25-27 апрель кунлари Тошкент шаҳрида STC 2023 космик технологиялар халқаро конференцияси ва «Youth Space Forum» бўлиб ўтади.

Кенг кўламли тадбир минтақавий ва миллий космик агентликлар, яқин ва узоқ хориждаги жаҳон бизнес вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон ёшларини бирлаштиради.

Саноат етакчилари Марказий Евроосиё минтақаси иқтисодиётида космик технологиялардан фойдаланишнинг амалий имкониятларини ўрганиш учун Тошкентда йиғилишади.

Жаҳон космик саноати жадал ўсишда давом этмоқда - космик технологияларга йўналтирилган инвестициялар иқтисодий ва ижтимоий фаровонликда тобора муҳим роль ўйнайди. Глобал космик саноатининг йиллик қиймати 400 миллиард доллардан ошган ва келгуси ўн йил ичида 1 триллион долларга етиши кутилмоқда. Ўзбекистон иккинчи бор халқаро коинот ҳамжамиятига мезбонлик қилишга тайёрланиб, кенг кўламли мулоқот майдонини тақдим этмоқда.

STC 2023 бизнесга йўналтирилган тадбир бўлиб, у миллий ва минтақавий космик агентликларни, шунингдек, бутун Марказий Евроосиёдаги бизнес вакилларини бирлаштиради. Ўтган йили конференция 150 дан ортиқ космик соҳа вакилларини бирлаштирган бўлса, бу йил 250 дан ортиқ эксперт ўз иштирокини тасдиқлаган.

STC 2023 халқаро космик мулоқот учун кенг кўламли платформа ҳисобланади.

Конференция дастури халқаро ҳамкорлик ва сармоя, янги сунъий йўлдош технологияларини муҳокама қилиш, хавфсизлик, молия, шунингдек саноатни тартибга солиш масалаларига бағишланган.

Конференциянинг асосий маърузачилари: Рақамли технологиялари вазири Шерзод Шерматов, «Ўзбеккосмос» раҳбари Шуҳрат Қодиров, Халқаро космонавтика федерацияси директори Кристиан Фейтчинер, Туркия космик агентлиги директорлар кенгаши раиси ва президенти Сердар Хусайн Йилдирим, «Азеркосмос» Озарбайжон коинот агентлиги раиси Самаддин Асадов, Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноати вазирлигининг Аэрокосмик қўмитаси раиси Баубек Оралмагамбетов ва бошқалар.

Бу йил конференция космик технологиялар саноатининг жаҳон етакчилари томонидан ҳомийлик қилинди: Turksat (Туркия), ESRI (АҚШ), MonocoSat/SSI Monoco (Монако Қироллиги), Contec (Жанубий Корея), Eutelsat (Франция), IAI (Исроил), Synspective (Сингапур), Hughes (АҚШ), Intersputnik (Россия), Synspective (АҚШ), Planet (АҚШ), Rohde & Schwarz (Германия), SES (Швейтсария), Airbus (АҚШ), Thales (Франция), Voyager (АҚШ), SI Imaging (Жанубий Корея).

Шунингдек, 12 дан ортиқ давлатнинг космик агентликлари раҳбарларининг ташрифи кутилмоқда. «Space Technology Conference Central Eurasia STC 2023» халқаро конференцияси доирасида 20 дан ортиқ давлатдан ёш тадқиқотчиларни бирлаштирган Марказий Осиёдаги биринчи поп-фан тадбири бўлган ёшлар форуми ҳам бўлиб ўтади. Платформа ёш авлод учун янги маконни тақдим этади ва уни касб ва дунёдаги етакчи технология саноати сифатида тарғиб қилишга ёрдам беради. Натижада 50 дан ортиқ ҳамкор университетлар ва 40 нафар эксперт иштирок этиши кутилмоқда.

Шунингдек, STC-2023 доирасида ялпи мажлислар, панель муҳокамалари, семинарлар, G2B ва B2B учрашувлари ўтказилади. Конференция иштирокчиларининг диққат марказида Туркий давлатлар ташкилотининг космик агентликлари ва тегишли бўлимлари раҳбарларининг 2-йиғилиши бўлиб, унда минтақада космик соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинади.

Конференция якунлари бўйича икки томонлама шартномалар имзолаш, шунингдек, узоқ муддатли ҳамкорлик бўйича келишувларга эришиш режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер