Тошкентда иситиш мавсуми қачондан якунланиши маълум қилинди
Иллюстратив фото
Тошкент шаҳрида барқарор илиқ баҳор об-ҳавоси кузатилаётгани, бир неча кундан буён ҳаво ҳарорати мўътадил даражада сақланиб тургани инобатга олиниб иситиш мавсуми босқичма-босқич якунланади.Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, мавсумни якунлаш тўғрисидаги қарор об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда пухта ўйлаб қабул қилинган. Аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида келгуси байрам кунлари иссиқлик таъминоти сақлаб қолинади.
Ҳаво ҳароратининг айни дамда барқарорлашганини ҳисобга олиб, шаҳар иситиш даврини якунлаш 24 мартдан бошланиши режалаштирилган ва у босқичма-босқич амалга оширилади.
«Бундай ёндашув турар жой биноларида ҳароратнинг кескин ўзгаришига йўл қўймайди ҳамда муҳандислик тизимларининг барқарор ишлашини таъминлайди», дейилади хабарда.
Ҳокимлик, шунингдек, мавсумни якунлашга ўтиш коммунал инфратузилмага тушадиган юкламани камайтиришга ва ресурслардан оқилона фойдаланишга хизмат қилишини таъкидлаган.
Қўшимча қилинишича, об-ҳаво шароити ва иссиқлик таъминоти тизимларининг фаолияти доимий кузатиб борилади ҳамда зарурат туғилганда тезкор чора кўриш учун шай ҳолат таъминланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг