Тошкентда ИИББнинг икки нафар тезкор ходими пора билан қўлга тушди (+видео)
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг икки нафар тезкор ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақида» Хавфсизлик» Telegram-канали хабар берди.
Унда айтилишича, ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда шахсий бойлик орттиришни режалаштирган Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг икки нафар тезкор ходими қўлга олинган.
Маълум бўлишича, Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ Жиноят қидирув бўлими катта тезкор вакили Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси катта тезкор вакили билан келишган ҳолда, Олмазор туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган фуқаронинг ёнидан 3 гр «гашиш» моддаси топилганлиги ҳолати юзасидан ўзининг иш юритувида бўлган терговга қадар текширув ҳужжатлари доирасида гумондорни жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига 2 минг 200 АҚШ доллари талаб қилиб, муқаддам минг АҚШ доллари олган.
Шундан сўнг, ушбу ходим қолган 1 минг 200 АҚШ долларини ўз хизмат хонасида олган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Жиноят қидирув бўлими катта тезкор вакили ҳам процессуал тартибда қўлга олинган.
Ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур катта тезкор вакилларга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг