Тошкентда “Hilton" меҳмонхонаси расман очилди
2019 йилнинг 14 декабрь куни меҳмонлар, журналистлар, туроператорлар ва шаҳар ҳокимлиги вакиллари иштирокида 21 қаватли “Hilton” меҳмонхонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ушбу меҳмонхона тадбирлар учун барча залларнинг табиий ёритишга эгалиги билан Тошкентда ягонадир. Бундан ташқари меҳмонхона 4 минг ўринли Конгресс-марказининг ёнида жойлашганлиги билан қулай.

Барча анжуманлар заллари 1 ва 2-қаватларда жойлашган бўлиб, анжуман ва бошқа тадбирлар давомида меҳмонларнинг ҳаракатланишини осонлаштиради.
“Hilton”нинг тадбирлар ўтказиш учун мўлжалланган умумий майдони 2 453 квадрат метрни ташкил қилиб, ўз ичига 5 та кўп функцияли анжуманлар залини ҳамда ёзги айвонга чиқадиган кенг банкетлар залини олади.


“Мен “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасининг очилишини ўз ҳамкасбларим, “Interstate Hotels & Resorts” меҳмонхоналарини бошқариш бўйича глобал оператори, меҳмонхона эгалари, мамлакат ҳукумати ва шаҳар ҳокимлиги вакиллари ҳамда барча ушбу кунга ўз ҳиссасини қўшганлар билан нишонлашдан жуда мамнунман”, - дейди “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасининг бош менежери Марко Фин.

Мазкур меҳмонхона “Hilton” тармоғига асос солинганига 100 йил тўлган санада очилиши ҳам эътиборга сазовор бўлиб, Тошкентдаги отел дунёнинг кўплаб мамлакатларида фаолияти юритувчи меҳмонхоналар тармоғида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг