Тошкентда биринчи Халқаро заргарлик кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
Пойтахтимизда “Uzbek Jewellery Fair-2023» биринчи Халқаро замонавий асбоб-ускуналар, технологиялар ва заргарлик буюмлари кўргазма-савдоси бошланди. Унда мамлакатимиз ва жаҳоннинг етакчи заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилари, улгуржи ва чакана савдо тармоқлари вакиллари, Италия, Саудия Арабистони, Туркия каби 10 дан ортиқ давлатдан заргарлик буюмларини импорт ва экспорт қилиш бўйича хизматлар кўрсатувчи логистика компаниялари иштирок этмоқда.
Тадбирни инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Хуррам Тешабоев кириш сўзи билан очар экан, сўнгги йилларда мамлакатимизда заргарлик йўналишини ривожлантириш, соҳани муҳим тармоқлардан бирига айлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Жумладан, мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди, қийматининг 15 фоизини олдиндан тўлаш ва тўловни 180 кунга кечиктириш шарти билан қимматбаҳо металларни товар-хом ашё биржаси орқали сотишга рухсат этилди. Шунингдек, саноатда ишлаб чиқариш корхоналари сони 2017 йилга нисбатан 4,2 баробарга ошиб, 448 тага, тармоқда банд бўлганлар сони эса 4,5 минг кишига етди. Заргарлик соҳасида “Sofizar”, “Gavhar Jewel Group”, “Fonon” каби янги ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди.
Экспонатлари кенг майдонда намойиш этилаётган кўргазма саноатнинг улкан салоҳиятини акс эттириш имконини берди. Иштирокчилар стендларида кумуш, олтин, бошқа қимматбаҳо металлар ва тошлардан ясалган турли заргарлик буюмлари, қимматбаҳо тақинчоқлар, модали аксессуарлар, соатлар ва девор соатлари коллекциялари жой олган.
Тадбир меҳмонларига замонавий асбоб-ускуналар, воситалар, фурнитура ҳамда ишлаб чиқаришда қўлланиладиган янги технологиялар ҳам тақдим этилмоқда.
Мазкур кўргазманинг ўзига хос жиҳати шундаки, ташриф буюрувчилар нафақат маҳсулотлар билан танишишлари, балки уларни жозибадор нархларда харид қилишлари ҳам мумкин.
Маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, заргарлик саноатини янги босқичга олиб чиқиш имконини берувчи “Uzbek Jewellery Fair – 2023» бизнес дастури доирасида Б2Б учрашувлари ташкил этилди.
Натижаларга кўра, заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар ўртасида “Мафтункор Шарқ” танлови ғолиб ва совриндорлари аниқланади, уларга “Uzbek Jewellery Awards” мукофоти топширилади.
Кўргазма жорий йилнинг 28 майигача давом этади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг